Аҳоли саломатлиги – жамият тараққиёти асоси

19.11.2021 00:11:16

Мамлакатимизда муҳим бойлигимиз саналган инсон саломатлигини асраш йўналишида кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Айниқса сўнгги 4-5 йил ичида соҳада амалга оширилган халқчил ислоҳотлар бугун ҳар бир инсон ҳаётида яққол сезилмоқда.

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида сўз кетар экан, дастлаб, ушбу йўналишдаги қонун ҳужжатлари қаторида 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепцияси деб номланган дастурий ҳужжатнинг қабул қилинганини қайд этишимиз даркор.

Шунингдек, ушбу ҳужжатлар асосида мамлакатимизда ҳар йили соҳани молиялаштириш ҳажмининг ортаётганини қатор ижобий ўзгаришларга сабаб бўлмоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда тез тиббий ёрдам кўрсатиш сифати сезиларли даражада яхшиланди.

Соҳага янги инновацион технологиялар жорий этилиши тиббий хизматлар сифат даражасининг ошиб боришига имконият яратмоқда.

Соғлом оналар ва соғлом болалар хонадонимиз ва жамиятимиз кўрки, таянчи.

Ҳар бир ҳомиладор аёл, янги туғилган гўдаклар доимий назоратда бўлаётганлиги сабаб, ўлим билан боғлиқ ҳолатларнинг сезиларли даражада камайганлигини, бугунги тиббий статистик маълумотлар тасдиқламоқда.

Аҳолининг тиббий маданиятини юксалтиришда патронаж хизматининг ўрни алоҳида бўлмоқда.

Ҳамшираларимизнинг ҳар бир фуқаро саломатлигини назорат қилиб боришга ҳаракат қилаётганлиги турли хил касалликларни ўз вақтида олдини олиш имконини яратмоқда.

Мана шундай ўзгаришларни бугун юртимизнинг барча ҳудудлари каби Қорақалпоғистон мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Жорий йилнинг ўзида инвестиция дастури асосида 12 та соғлиқни сақлаш объектида 61 миллиард сўмлик, ҳамда маҳаллий бюджет ҳисобидан 34 та объектда 32 миллиард сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари амалга оширилган. Жумладан, Нукус шаҳри, Мўйноқ, Қонликўл, Элликқалъа ва Нукус туманларида 7 та объект янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилишига эришилганлиги, соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир.

Яқинда, мамлакатимиз соғлиқни сақлаш вазири янгидан тайинланди.

Янги вазирнинг дастлабки иш кунидан соҳа ходимларига ва аҳоли саломатлигига қаратаётган эътибори, ижтимоий тармоқлар орқали кенг муҳокама қилинмоқда.

Албатта, соҳага тайинланган янги раҳбар олдида турган вазифалар кўлами кенг ва доимо шундай бўлган.

Асосийси, билим ва тажрибани ишга солиб, соҳани янада ривожлантириш йўлида жонкуярлик билан ҳаракат қилиш – ютуқлар калити бўлиб хизмат қилади.

Биз аҳоли саломатлигини асраш йўлида янада кенг кўламли ишларнинг амалга ошишига ва унинг жамият тараққиётига хизмат қилишига ишонамиз.

Рауаж Отарбаев,

«Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари, Халқ депутатлари Чимбой туман Кенгаши депутати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+