Аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш раҳбарларнинг асосий вазифаси бўлиши керак

04.06.2021 10:06:56

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳудудларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиш, фуқаролар билан мулоқот қилиш мақсадида Сурхандарё вилоятида бўлди.

Давлатимиз раҳбари халқимиз ҳаётини яхшилаш, ҳудудларни обод қилиш бўйича вилоятда амалга оширилаётган ишларга алоҳида эътибор қаратди.

Ташрифнинг иккинчи куни Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Термиз шаҳрида вилоят иқтисодиётини ривожлантириш, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда маҳаллий кенгаш депутатлари, тадбиркор ва фермерлар, нуронийлар, ёшлар, жамоатчилик фаоллари иштирок этишди.

Мазкур йиғилишда давлатимиз раҳбари  Шавкат Мирзиёев вилоятни комплекс ривожлантириш, “маҳаллабай” тизимда аҳоли ҳаётини яхшилаш бўйича устувор вазифаларни кўрсатиб ўтди.

- Сизлар билан учрашиб, муаммоларни ҳал этиш учун келганмиз. Бу ташрифга анчадан бери тайёргарлик кўрдик. Тошкентга боғлиқ масала қолмади. Энди берилган маблағ ва тизимни ақл билан ишлатиб, жойларда манзилли бажариш керак. Мен куйиб-пишганим билан сизлар жон куйдирмасангиз, халқнинг бири икки бўлмайди. Сурхондарёнинг ички имкониятларидан фойдалансак, одамларнинг дардига дармон бўлиш учун ҳамма шароит бор. Бунинг учун сектор раҳбарлари фидойи бўлиб, жойига тушиб, “маҳаллабай” тизимда ишлаши керак, - деди Шавкат Мирзиёев.

Сурхондарё вилоятида 2021-2022 йилларда умумий қиймати 16 триллион 800 миллиард сўм бўлган 1 минг 177 та ҳудудий инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши қайд этилди. Уларнинг натижасида 25 мингта янги иш ўрни ташкил этиш мўлжалланган.

Албатта, бугунги кунда инвестиция ва технологиялар олиб келиб, янги корхоналар ташкил этиш, одамларни иш билан таъминлаш ва шу орқали уларнинг турмуш шароитини яхшилаш долзарб масаладир.

- Вилоятда қурилиш материаллари, енгил, чарм, озиқ-овқат, электротехника, маҳаллий саноат каби “драйвер” соҳаларни жадал ривожлантириш ва янги лойиҳаларни кўпайтириш зарур, - деди Президент.

Шу мақсадда, қурилиш материалларини экспорт қилишда транспорт ҳаражатлари ва кредит фоизларини қисман қоплаб бериш, импорт ўрнини босувчи маиший товарлар ишлаб чиқарувчи маҳаллий саноат корхоналарига хомашё ва ярим фабрикатларни импорт қилишда имтиёзлар бериш бўйича таклифлар билдирилди.

Қолаверса, Бойсун, Сариосиё, Шеробод туманларини қурилиш материаллари, Қизириқни енгил саноат, Олтинсойни озиқ-овқат, Ангорни чарм, Бандихон ва Музработ туманларини маҳаллий саноатга ихтисослаштириб, кластерлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Хусусан, Сариосиёда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш инновацион индустриал зонаси ташкил этилиши айтилди.

Инвестиция лойиҳаларининг 3 триллион 121 миллиард сўмлиги қишлоқ хўжалиги соҳасига оид. Хусусан, 1 минг гектар иссиқхоналар ташкил этишга 950 миллиард сўм йўналтирилади. Олтинсой, Узун, Бандихон, Денов, Жарқўрғон, Музработ, Термиз ва Сариосиё туманларида зайтун плантациялари, Шеробод, Музработ ва Қизириқда анорзорлар барпо этилади.

- Одамларга муносиб турмуш шароити яратиш барча бўғиндаги раҳбарларнинг асосий вазифаси бўлиши зарур. Бунинг учун барчамиз ҳамжиҳатликда виждонан ишлашимиз керак, - деди давлатимиз раҳбари.

Йиғилиш сўнгида Шавкат Мирзиёев амалга оширилаётган лойиҳалар доирасида амалга ошириладиган ишларни сифатли ва ўз вақтида бажариш юзасидан топшириқ берди.

 

Ўктам ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+