Аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этишга яна бир йўл очилди

10.05.2021 16:05:36

 

Куни кеча “Самарқанд вилоятида эксперимент тариқасида маҳаллабай ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги  ПҚ–5105-сон Президент қарори  қабул қилинди.

Аҳоли даромадини оширишга қаратилган тадбиркорлик интилишларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмларини янги босқичга олиб чиқиш, ёшлар ва хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга кўмаклашиш, “маҳаллабай” ишлаш тизими орқали маҳаллий бошқарув органларини аҳолига янада яқинлаштириш, аҳоли ва тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда уларни самарали ҳал этишнинг Самарқанд тажрибасини амалиётга жорий этиш мақсадида қабул қилинган ушбу қарор асосида маҳаллабай ишлаш марказларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Маҳаллабай ишлаш марказлари давлат муассасалари эксперимент тариқасида ташкил этилади. Унга мувофиқ, ҳар учта маҳаллага бир нафар маҳаллабай ишлаш инспектори бириктирилади. Масалан, Самарқанд шаҳрида маҳаллабай ишлаш марказига 81 нафар, Каттақўрғон шаҳрига 21 нафар штат ажратилади. Қишлоқ туманларига ҳам 21-45 тагача штат берилиши режалаштирилган.

Ушбу марказларнинг асосий вазифаси аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини яратиш орқали камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш, тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш, аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларга, жумладан, аёллар ва ёшларга кредит, субсидиялар олишда ёрдам кўрсатиш, тадбиркорлик, ҳунармандчилик қилиш истагини билдирганларга замонавий асбоб-ускуналар ҳамда мини-технологиялар топишда кўмаклашиш, хорижда меҳнат фаолиятини юритиш ва малака ошириш истагини билдирган фуқаролар билан ишлаш, уларга кўмаклашиш ҳисобланади.

Айтиш жоизки, ушбу тизим фаолияти йўлга қўйилса аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик борасида ишни нимадан бошлашни билмай сарсон бўлиб юрганлар учун яна бир имконият эшигини очади.

Чунки, ўтган бир ҳафта давомида Самарқанд шаҳридаги 2-сектор мутасаддилари иштирокида Президентимизнинг Самарқанд вилоятимизга ташрифи чоғида маҳаллабай ишлаш тизимини амалиётга жорий этиш юзасидан берган топшириқлари ижросини таъминлаш, “Маҳаллабай” ишларни ташкил этиш, сектор ҳудудидаги муаммо ва ечимини кутаётган масалаларни бартараф этиш мақсадида 72 та маҳалла фуқаролари йиғинида бўлдик. Аҳоли билан учрашувларимиз чоғида кўриниб турибдики, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳатлар, қабул қилинаётган қонун ва қарор ҳужжатлари билан ҳамма ҳам бирдек таниш эмас, ёки тўлиқ мазмун-моҳиятини англаб етган эмас. Шундай экан унутмайликки, биз сиёсий куч фаоллари зиммасида ана шундай ислоҳотларни аҳолига етказиш, уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш учун янада кўпроқ изланиш масъулияти турибди.

Албатта, бугунги кунда мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилишнинг ўзига хос тизими – “маҳаллабай” асосида ишни ташкил этишга қаратилаётган эътибор ўзининг самарасини беради. Айнан шу қабул қилинган қарор орқали энди  ташкил этилган марказ ва унинг масъул ходимлари ҳам бу борада аҳолига чин маънодаги кўмакчи бўлади. Бу эса аҳолини қийнаб келаётган кўплаб муаммоларни ҳал этишга ўз ҳиссасини қўшиши шубҳасиз. 

 

Муҳиба БАБАБЕКОВА,

Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+