Аҳолининг эртанги кунга ишончи ортмоқда

21.07.2022 11:07:27

2019 йил декабрида сайловчилар катта ишонч билдириб, халқ депутатлари туман Кенгашига депутат этиб сайландим. Айни пайтда “Адолат” СДПнинг Косонсой туман депутатлик гуруҳига ҳам раҳбарман. Партиядошларимиз қатори мен ҳам аҳоли вакиллари билан режа асосида учрашиб турибман. Ўзаро мулоқотларда мамлакатимизда юз бераётган ўзгаришлар, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ҳақида фикр юритамиз. Одамларнинг муаммоларини, таклиф ва мулоҳазаларини ўрганиш ҳам эътибордан четда эмас.

Зотан айнан шу йўл халқни давлатдан рози қилиш борасидаги энг самарали ва замонавий восита ҳисобланади. Юртдошларнинг дардини эшитиш, оғирини енгил қилиш уларнинг келажакка ва жамиятга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилаётгани айни ҳақиқат. Бундай ҳолатларга ҳар куни гувоҳ бўлаётганимизни таъкидлаш ўринлидир.

Мисол учун, бугунги кунда мен сайланган округ ҳудудидаги "Намуна" маҳалласидаги катта ўзгаришлар ҳам “хонадонбай” ишлаш тизими бўйича амалга оширилган ишлар ижобий самарасини кўрсатмоқда. Куни кеча МФЙ раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли ҳамда ёшлар етакчиси ҳамкорлигида учрашувлар ўтказдик. Бу сафар кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли билан суҳбатлашдик. Мулоқот асносида фуқаролар жамият ҳаётида юз бераётган ўзгаришлардан жуда хурсандликларини билдиришди.

Турмуш фаровонлиги ошиб бораётганлиги ҳам алоҳида қайд этилди. Ҳозирги кунда маҳалланинг йўллари таъмирланиб, электр таъминоти яхшиланибди. Энди кўчаларни ёритиш устида иш кетмоқда. Хизмат кўрсатиш соҳаларининг фаолияти ҳам яхшиланмоқда.

Маҳалла инфратузилмасининг яхшиланиши аҳоли мана шу каби омиллар одамларда шукроналик ҳиссини уйғотиб, янги-янги ютуқларга етаклаши табиий. Амалга оширилаётган ишларнинг барчаси инсон қадрини улуғлаш борасидаги сиёсатнинг бир кўринишидир.

Исроилжон Жўраев,

халқ депутатлари Косонсой тумани Кенгашидаги

“Адолат” СДП гуруҳи раҳбари.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+