Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш долзарб мавзу

15.07.2024 14:07:58

Ўзбекистон Республикасида аҳоли саломатлиги ва соғлиқни сақлаш тизими мустақилликнинг илк кунларидан бошлаб давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг самарадорлиги, сифати ва қулайлигини ошириш таъминланди.

Бугун Тошкент вилоятининг Тошкент тумани тиббиёт бирлашмасида Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан «Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш» мавзусида тиббиёт ходимлари билан давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда «Адолат» СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Гулнора Аҳмедова, партия вилоят Кенгаши ходимлари, партиянинг Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати, Тошкент вилояти аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўлими раҳбари Дилорам Махамадалиева, партиянинг «Аёллар қаноти» Кенгаши аъзолари ҳамда Тошкент тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари иштирок этди.

Давра суҳбатида Гулнора Аҳмедова «Аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш» мавзусида маъруза қилди. У ўз маърузасида аҳолининг тиббий маданиятини ошириш ва тиббиёт соҳасида замонавий ахборот технологияларини жорий этиш муҳимлигини таъкидлади. Ушбу мақсадга эришиш учун янги дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилаётгани, тиббиёт муассасаларига илғор технологияларни киритиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди. Шунингдек, «Адолат» СДП Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан ўтказилган мазкур тадбир аҳоли ўртасида соғлиқни сақлаш маданиятини оширишга қаратилган лойиҳаларнинг бир қисми бўлиб, келгусида бу каби тадбирлар сони янада кўпайтирилиши режалаштирилган. Гулнора Аҳмедова бу каби ташаббуслар аҳоли саломатлигини яхшилашга, уларнинг тиббий хизматлардан самарали фойдаланишига хизмат қилишини таъкидлади.

Партиянинг Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши депутати, Тошкент вилояти аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўлими раҳбари Дилорам Махамадалиева «Ақлли тиббиёт, тиббиёт соҳасидаги ислоҳотлар» мавзусида маъруза қилди.

Тадбирда тиббиёт ходимлари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш борасидаги тажрибаларини ўртоқлашдилар. Улар тиббиёт соҳасида ахборот технологияларидан фойдаланиш аҳолининг соғлиғини яхшилашга қандай ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида сўз юритдилар. Суҳбат давомида тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва қулайлигини ошириш учун зарур бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Умумий ҳолда, давра суҳбати аҳоли саломатлигини сақлаш ва яхшилаш борасида янги имкониятлар яратиш ва замонавий технологияларнинг ролини оширишга қаратилган бўлиб, бунда барча иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари инобатга олинди.

Тадбир сўнгида партияга аъзо бўлишни истаган 30 нафар тиббиёт ходимларига ҳамда бир қанча фуқароларга аъзолик гувоҳномалари тантанали равишда топширилди.

Ўзбекистон "Адолат" СДП
Тошкент вилоят Кенгаши 
Матбуот хизмати 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+