“Ахсикент”даги мулоқотлар

30.03.2021 16:03:07

28 март, якшанба куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Дилмурод Исмоилов ўз сайловчилари билан учрашувларни давом эттирди. Парламент аъзоси Наманган шаҳридаги “Ахсикент” маҳалласи аҳоли вакиллари билан учрашди.

Ўзаро мулоқотлар жараёнида фуқаролар ҳаётига доир қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди. Хусусан, “Ахсикент”да кўп йиллардан бери оби ҳаёт таъминотидаги узилишлар ҳаммани қийнаб келмоқда. Ичимлик сув жадвал асосида берилади. Лекин у ҳам доим бузилади. Одамлар қачон сув бўлишини аниқ билмайдилар.

Маҳалладаги ҳар бир хонадонда бир-икки,  ҳатто уч-тўрт сотихдан экин майдони бор. Унга мевали ва манзарали дарахт, гул кўчатлари экилган. Лекин аксарият ҳолларда улар қуриб қолмоқда. Чунки ишончли сув таъминоти йўқ. Суғориш тармоқлари, яъни ариқларда ҳафталаб сув оқмайди. Ҳолбуки, маҳалла ҳудудидан Катта Наманган канали оқиб ўтади. Аммо ундан сув олиш учун насос йўқ. Ҳокимият ва турли ташкилотларга қилинган мурожаатлар изсиз йўқолиб кетмоқда.

Сув таъминотининг чатоқлиги ҳудуддаги 55-умумтаълим мактаби фаолиятига ҳам салбий таъсир этмоқда. Мазкур таълим масканида 1200 нафар ўғил-қиз ўқийди. 2015 йилда у мукаммал таъмирланди. Яқинда эса ҳомийлар ёрдамида ҳожатхона қурилди. Бироқ ҳозиргача уни ишга туширишнинг иложи бўлмаяпти. Чунки сув йўқлиги учун уни канализация тармоғига улаш бефойда.

- Биздаги муаммони депутатимиз атрофлича ўрганди, - дейди мактаб директори Фазилат Қаноатова. - Ўйлаймизки, тез орада ижобий ечим топилади.

Маҳалла раиси Ғофиржон Солибоев ишга тўсқин бўлаётган  яна бир муаммони айтди. Маълум бўлишича, МФЙ ҳозир муқим идорага эга эмас экан. Бу эса нафақат фаолларга, балки аҳолига ҳам қийинчилик туғдирмоқда. Депутат вазиятни ўрганиб, муаммонинг ечимини топиш мумкинлигини аниқлади. Яъни идора учун фойдаланиш мумкин бўлган бўш бино бор. Фақат унинг эгалари билан келишувга эришиш лозим. Энди диққат-эътибор шунга қаратилади.

Парламент аъзосининг сайловчилар билан учрашувлари давом этмоқда. 

 

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят

 Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+