Акция кўнгилларни бирлаштирди

04.06.2022 09:06:53

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Сурхондарё вилоят Кенгаши ташаббуси билан вилоят қон қуйиш марказида 1 июнь – «Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остида беғараз донорлик акцияси ташкил этилди.

Хайрия тадбиридан кўзланган асосий мақсад, тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишдан иборат.

«Адолат» социал-демократик партияси томонидан мазкур акция ҳар йили икки марта ўтказиб келинмоқда. Ушбу шиор остидаги тадбир юзлаб кишиларни қонга муҳтож бўлган бемор болажонларга ҳаёт бағишлаш ва уларнинг соғайиб кетишларига ҳисса қўшишдек хайрли ва савобли иш учун бирлаштиради.

Эрта тонгдан бошланган мазкур акцияда партиянинг барча ходимлари, партия аъзолари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ҳамда кўнгиллилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа турли соҳа вакиллари,Миллий гвардия Сурхондарё вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходимлари иштирок этди. Шунингдек, хайрия акцияси бўйича тиббиёт ходимларидан иборат сайёр бригадаси ҳам ташкил этилиб Сурхондарё вилояти Жануби ғарбий махсус ҳарбий округи 11506- ҳарбий қисмида кўнгилли ҳарбийлар ҳам бемор болажонлар учун қон топширдилар.

Улуғбек Ғуломов, Миллий гвардия Сурхондарё вилояти Қўриқлаш бошқармаси ходими, кўнгилли донор:

- Бир томчи қон бутун бир ҳаёт демакдир. Кимнингдир кичик ёрдами ким учундир катта маънога эга, бебаҳо мурувват. Ўзгалар соғлиғи ва ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз қонидан берувчи кишилар қарори ҳар қандай таҳсинга лойиқ. Донорлик – шарафли ёрдам, мислсиз савоб, хайрли эҳсондир. Мен ҳам акцияга доир эълонни эшитиб, кўнгилли равишда қон топширдим. Ўйлайманки, менинг қоним бемор болажонларга ҳаётга умид бағишлайди.

Норбўта Раҳимов, хайрия акцияси иштирокчиси, кўнгилли донор:

- Мазкур донорлик акциясидан кўзланган асосий мақсад партиянинг аҳоли саломатлигини сақлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш ва шу орқали тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож болаларни қўллаб-қувватлаш, бемор болаларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, шунингдек, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини тарғиб қилишдан иборатдир. Бундан ташқари, акция бемор инсонларга қон қуйиш учун хавфсиз қоннинг муҳимлиги, донорларининг жамият учун зарурлиги, қолаверса, кўнгилли донорларнинг инсоният олдидаги хизматларини рағбатлантириб боришни ўз ичига қамраб олади.

Айтиш жоизки, акцияда қатнашган кўнгилли донорлар 18 дан 60 ёшгача бўлган соғлом инсонлардир. Улар тиббий текширувдан ўтказилиб, шифокор тавсиясига биноан донор бўлишдек савобли ишда иштирок этдилар.

Акция иштирокчилари таъкидлаганидек, соғлом киши учун қон топшириш, албатта, хавфсиз шу билан бирга, фойдалидир. Беғараз донорлик - кимнингдир саломатлиги, унинг ҳаёти учун ҳадя этиладиган бебаҳо неъмат. Айниқса, болаларнинг саломатлигига қаратилган бўлса, савоб қилишга янада кучлироқ ундайди.

Тадбир якунида партия ташаббуси билан ташкил этилган акцияда кўнгилли равишда бемор болажонлар ҳаётини сақлаб қолиш учун ўз қонини топширган фуқароларга партиянинг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди.

Гулшод Турсоатова,

Ўзбекистон «Адолат»СДП

Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+