Американи забт этган поплик ўқувчи

07.04.2021 17:04:56

Мамлакатимизда кейинги йилларда таълим соҳасини ислоҳ қилиш юзасидан кенг миқёсли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, мактабларнинг ўқув-моддий негизини мустаҳкамлаш, ўқитувчилар малакасини ошириш, илғор педагогик технологияларни жорий этиш ва оммалаштириш борасида олиб борилаётган ишлар яхши самара бермоқда. Битирувчилар орасида олий таълим муассасаларига кириб, юқори малакали мутахассис бўлиб етишишни ният қилган ўғил-қизлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.

Бу борада вилоятимиз ёшлари ҳам мамлакатдаги тенгдошларига ўрнак кўрсатмоқдалар. Диққатга сазовор томони шундаки, ҳар йили ўнлаб навқирон авлод вакиллари жаҳоннинг ривожланган давлатларидаги етакчи университетларнинг талабаси мақомига эришмоқдалар. Албатта, бундай ютуқлар осонликча қўлга киритилмайди. Улар замирида илм эгаллаш йўлидаги тинимсиз изланишлар, машаққатли меҳнат, ўзида таълим олиш учун юксак сафарбарлик ҳиссини шакллантириш ётади. Айниқса, инглиз тилини пухта эгаллаш талаб этилади.

Туманимиздаги 5-умумтаълим мактаби битирувчиси Ривожиддин Давлаталиевда ана шундай хислатлар мужассам. Аввало, оиласидаги соғлом муҳит, болани илм олишга рағбатлантириш унинг камолга етишида устувор аҳамиятга эга бўлди. Шунинг учун биринчи синфданоқ фақат “аъло” баҳоларга ўқиди. Ҳар бир фанни чуқур ўзлаштиришга интилди, ўқиганларини такрорлашни унутмади.

Мана энди, ана шу интилишларнинг самараси намоён бўлди. Ривожиддин интернет орқали имтиҳонларни муваффақиятли топшириб, бир йўла АҚШдаги бешта университетнинг талабалигига қабул қилинди.  Улар орасида University of South Florida,  University TOLEDO , University of ARIZONA, University KLEMSON , Michigan state university каби  нуфузли олий ўқув юртлари бор. Буни шахсан мен Американи забт этишнинг ўзига хос намунаси дея баҳоладим. Ёш ҳамюртимизни бу ютуқ билан оила аъзоларидан тортиб қариндош-уруғлари-ю мактаб жамоаси, ўзи истиқомат қиладиган маҳалла аҳли, барча таниш-билишлар  ҳам қизғин қутладилар.

Яқинда партиядошимиз, халқ депутатлари туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи аъзоси   Мафтуна Маматова директорлик қилаётган 31-умумтаълим мактабида 210 ўринли янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали маросим ташкил этилди. Унда мен ҳам сўзга чиқиб, Ривожиддиннинг ютуқлари ҳақида гапириб бердим. Шу билан бирга ҳаммани ундан ўрнак олишга даъват қилдим. Назаримда, бу гапларим барча устозларга ва ўқувчиларга маъқул тушди. Ажаб эмас, бу ва бошқа мактаблардан ҳам Ривожиддиннинг издошлари етишиб чиқса...

Зафаржон ҲАСАНОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Поп туман кенгашининг раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+