Андижонлик Конституция билимдонлари

24.11.2023 11:11:57

     Кейинги йилларда республикамизда ёшлар сиёсати борасида амалга оширилаётган ишлар келажагимиз эгаларининг билимларини ошириш, ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган. Айтиш мумкинки Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ҳар йили анъанавий равишда “Ватан келажаги ёшлар қўлида” лойиҳаси доирасида ўтказилаётган “Конституция билимдони” кўрик-танловида бу ўз ифодасини топмоқда.
     Мазкур тадбирга Андижонда бу йил катта тайёргарлик кўрилди. Дастлабки босқичларда белгиланган низом асосида 250 нафардан ортиқ ўқувчи ўз билимларини синовдан ўтказди. Амалдаги йилда Бош қонунимизга киритилган ўзгартишларни ҳам улар пухта ўрганиб бораётгани қувонарли. Бу билан ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушуниб етмоқда.
     Кўрик-танловнинг вилоят босқичида иштирокчилар орасида ғолибликка эришган 6 нафар билимдон йигит-қиз қатнашди. Таништирув, савол-жавоб ва эркин мавзу бўйича чиқишларда ўз маҳоратини кўрсатдилар. Айниқса, биринчи шарт асосида саҳнада ўзларининг иқтидор эгалигини кўрсатиш баробарида “Ёш адолатчи” сифатида гавдаланганликлари эътиборли. Бу тадбир қатнашчилари ва экспертларнинг ҳам эътирофларига сабаб бўлди.
     Малоҳатхон Мусаева, “Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши раиси ўринбосари:
- Йилдан-йилга ўқувчи ёшларда кўрик-танловга қизиқиш ортиб бормоқда. Тадбир ёшларнинг ҳуқуқий ва сиёсий билимини, Конституциямиз ва амалдаги қонун ҳужжатларига оид билимини аниқлаш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилмоқда. Асосийси, “Ёш адолатчилар” қонунчилигимизга бефарқ эмас.
     Кўрик-танлов ўз номи билан беллашув. Унда кимдир ғолиб бўлиши табиий. Шундай бахт Андижон машинасозлик институти қошидаги академик лицей ўқувчиси - Мадина Жўрабоевага насиб этди. Энди у республика босқичида андижонлик ёш Конституция билимдонлари номидан иштирок этади.

     Жанона Раҳимова, “Адолат” СДП Андижон шаҳар кенгаши раиси:
- Ёш авлодга Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, уларни қонунларимизга ҳурмат руҳида тарбиялашда бундай тадбирларнинг аҳамияти катта. Иштирокчилар Конституцияга оид саволларга кутилганидан яхшироқ жавоб бергани ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди. Тадбирдан кўзланган мақсад ҳам шу.


     Тадбир якунида иштирокчилар вилоят партия кенгаши томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

“Адолат” СДП Андижон вилояти кенгаши
Матбуот хизмати.

  

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+