Ангорда адолатли қайноналар беллашди

17.06.2021 20:06:51

Халқимиз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаб, хонадонларида тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини ярата олган, ҳаёт сабоқлари билан ёшларга ибрат кўрсатаётган аёлларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида партия ташаббуси билан «Адолатли қайнона» кўрик-танлови ташкил этилиб, ушбу танлов юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотди. Айни кунларда мамлакатимиз бўйлаб ушбу танловнинг туман, шаҳар босқичлари бўлиб ўтмоқда.

Куни кеча Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси Ангор туман Кенгаши томонидан туман Маҳалла ва оилани қўллаб қувватлиш бўлимида "Адолатли қайнона" кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди. Унда туман маҳаллаларида истиқомат қилаётган адолатли қайноналар беллашдилар.

Мазкур кўрик-танловнинг туман босқичида маҳаллаларда  юксак обрў ва мавқега эга бўлган фарзандлар, набиралар тарбияси, оилада аҳиллик, маънавий муҳит барқарорлиги, ҳаётий тажрибалар борасида бошқаларга ибрат бўлиб келаётган 9 нафар онахонлар иштирок этишди.

Танлов жараёнларида иштирокчиларнинг ташаббускорлиги, жамият ҳаётидаги янгиланишлардан хабардорлиги, ғоявий ва мафкуравий жиҳатдан дунёқараши мустаҳкамлиги, миллий ва умуминсоний қадриятларни яхши ўзлаштирганлиги, оила ва жамият, оила ва маҳалла муносабатлари билан боғлиқ бой миллий анъаналар, сермазмун миллий қадриятларнинг илдизларини, аждодларимиз меросини ўрганиш ва оммалаштириш, тарбияда умуминсоний қадриятларнинг ўрнини юксалтириш ва унинг оилада уйғунлашувини таъминлаш, ёш авлодда маънавият, маданият, маърифатни янада юксалтириш орқали оилада баркамол авлодни шакллантиришда ибратли ҳаётий тажрибага эга эканлигига эътибор қаратилди.

Розия Сафарова, кўрик-танлов иштирокчиси:

— Хонадонда катта ёшдагиларнинг илм-маърифатга эътиборли бўлиши оилавий муносабатларга, фарзандлар тарбиясига ижобий таъсир қилади. Шу фикрларни фарзандларимга, маҳалладошларимга доим уқтириб, уларни китоб ўқишга ундайман. Инсон камолотида китобнинг қадрини баланд қўяман. Фарзандларим, невараларимнинг тарбияси, яхши, ўқимишли инсон бўлиб улғайишида китоблар менинг энг ишончли кўмакдошларим бўлиб келмоқда. Ҳа, илмда ҳикмат кўп. Бир-бирини ҳурмат қилиш, меҳр-оқибатли бўлиш, илм-маърифат билан оилалар мустаҳкам бўлади.

Ҳаётда ўз ўрнини топган  ўғил-қизим, келинларим, невара-чевараларимнинг бахтиёрлиги — менинг оналик бахтимдир.

Танлов шартларига кўра 1-ўрин тумандаги “Қўштегирмон” МФЙда истиқомат қилувчи Холдона Дўрмоновага, 2-ўрин тумандаги “Деҳқонбирлашув” МФЙда яшовчи Гулмира Сариевага, 3-ўрин “Охунбобоев” МФЙда яшовчи Гулчеҳра Йўлдошевага берилди.

Ғолиблар партиянинг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Дилафрўз РАҲМАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши мафкуравий ишлар бўйича бош мутахассиси

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+