Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш –долзарб масала

05.03.2021 13:03:22

Халқимизнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, озиқ-овқат хавфсизлигини ва аҳоли бандлигини таъминлаш, барқарор ривожланишга эришишда қишлоқ хўжалигининг ўрни жуда катта. Шу боис, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва бозор тамойилларини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳага доир кўплаб ҳужжатлар қабул қилинмоқда. 

Шу билан биргаликда, озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон, сифатли ва етарлилиги бугунги куннинг энг муҳим талаби ва халқ розилигининг асосий омилларидан бири. Буни таъминлаш мақсадида сўнгги йилларда озиқ-овқат, чорвачилик, мева-сабзавотчилик ҳамда қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқларини ривожлантириш учун турли хил қарор ва фармонлар имзоланди. 

Президенитмиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш борасидаги ишлар пандемия бошланган дастлабки кунларданоқ тизимли равишда, чуқур ўйланган режа асосида йўлга қўйилмаганида, бугун ички бозорни сифатли озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлаш жуда оғир кечиши мумкин эди.

Бинобарин, сўнгги йилларда мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини ва экспорт салоҳиятини оширишга бўлган ёндашув мутлақо ўзгаргани, бозорларни сифатли, хавфсиз ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдиришга алоҳида эътибор қаратилгани ўз самарасини берди.

Албатта, эришилаётган натижалар яхши, лекин ҳозирги давр бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришни, эртанги кунни ўйлаб, узоқни кўзлаб ислоҳотларни янги босқичга кўтаришни тақозо этмоқда. Демак, энди озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш билан бирга импорт қилинаётган товарлар ўрнини қоплаш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир.

Амалга оширилаётган ишларга қарамасдан, ички бозорларда айрим озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг қимматлашиши аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда. Хусусан, охирги вақтларда гўшт, тухум, ўсимлик ёғи ва шакар маҳсулотларининг нархи кескин ошди.

Хўш, бундай вазиятда ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш учун қандай чоралар кўриш керак? Юртимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолига узлуксиз ва етарли ҳажмда озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун нималар қилиш зарур?

Хусусан, 2021-йил “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”га мўлжалланган давлат дастурининг 39 бандида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чораларни амалга ошириш белгиланган. Унга кўра асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг кескин ошиб кетишига йўл қўймаслик, озиқ-овқат маҳсулотларнинг кафолатланган заҳирасини яратиш, тегишли ҳудудларнинг асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари талабидан келиб чиқиб, уларни квота асосида бозор шароитларида сотиб олиш ва ички бозорга интервенция қилиш чораларини кўриш назарда тутилган.

Шундай экан, аҳолининг биринчи истеъмол маҳсулотлари бўлган гўшт, тухум, ун, ёғ, шакар, гуруч, картошка ва бошқа шу каби маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини қондириш учун дастурдан келиб чиққан ҳолда, бугун ҳар бир раҳбар, айниқса, маҳаллий ҳокимликларда  керакли чоралар кўрилиши лозим. Акс ҳолда бугун кўрилаётган барча чора-тадбирлар, сарфланаётган маблағлар самарасиз кетиши мумкин.

 

Маҳмуд ХОЛБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

етакчи мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+