АВТОМАКТАБЛАР ФАОЛИЯТИ ТУБДАН ЯХШИЛАНАДИ

14.02.2022 13:02:45

Куни кеча Президент Шавкат Мирзиёев раислигида йўл ҳаракат хавфсизлиги масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. «Хавфсиз ва равон йўл» тамойили асосида йўлларда инсон хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирларига бағишланган ушбу йиғилиш танқидий руҳда ўтказилди.

Йиғилиш давомида давлатимиз раҳбари баъзан ҳайдовчиларга ҳайдовчилик гувоҳномалари ноқонуний берилаётганлиги, ёш ўқувчиларни махсус машқларсиз, йўл ҳаракати қоидаларини, йўлларда ўрнатилган белгиларнинг қандай аҳамият касб этишини ҳам тушунтирмасдан шахсий манфаати йўлида жуда қисқа муддатларда ҳайдовчилик гувоҳномалари бериб аҳамият, ҳудудларда фаолият олиб бораётган ўқув мактаблари ким ўзарга гувоҳномани олиб бериб, моддий манфаат кўришни ўйлаётгани бунинг натижасида йўлларда турли хил йўл транспорт ҳодисалари рўй бераётгани қаттиқ танқид остига олди.

Албатта, статистик маълумотлардан ҳам кўриниб турибдики, пандемия шароитида қурбонлар сони 3 % (фоиз)ни ташкил қилаётган бўлса, йўл транспорт ҳодисасидан ҳалок бўлаётганлар сони эса 7-8 % (фоиз) га кўпайганлигини яққол гувоҳи бўлиб турибмиз.

Йиғилишда ҳайдовчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва уларни имтиҳон қилиш тизими тубдан қайта кўриб чиқиш борасида мутасаддиларга қатъий топшириқлар берар экан, бундан буён ҳайдовчининг интизомига қараб, уни ўқитган автомактаб фаолиятига ҳам баҳо берилиши ҳақида таъкидлаган фикрлари биз адолатчиларнинг айни кўнглидаги гап бўлди.

Боиси, партиямизнинг Самарқанд вилоят Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз аъзолари иштирокида 2019 йилда автомактабларда ҳайдовчиларни тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар, ўқув жараёнлари, мавжуд шарт-шароитлар юзасидан ўрганиш ишларини олиб борганмиз. Улар белгиланган қоидалар асосида фаолият олиб боряптими? Уларда таълим бериш сифати белгиланган талабларга жавоб берадими? деган саволларга жавоб излаганмиз.

Албатта бугунги кунда бошқа соҳаларда бўлгани каби автотранспорт воситалари бошқаришни ўргатиш бўйича ҳам хусусий субъектларга ҳам кенг имкониятлар берилган. Натижада нафақат Самарқанд шаҳрида, балки деярли барча туманларда автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш фаолияти билан шуғулланувчи кўплаб хусусий корхоналар ташкил этилган.

Маълумотларга кўра, вилоятимизда бугунги кунга қадар жами 90 га яқин автомактабларга таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси вилоят бўлими томонидан лицензиялар берилган.

Автомактаблар фаолиятини ўрганиб чиқиш жараёнида маълум бўлишича, автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш билан шуғулланаётган ташкилотларнинг моддий-техника базаси ва таълим бериш сифати талабга жавоб берадиган эмасди. Хусусан, транспорт воситаларини кунлик кўрикдан ўтказиш учун зарур воситалар, автошиналар проекторини ўлчовчи махсус мослама, бошқарув, тормоз, ёритиш мосламаларининг созлигини текширувчи асбоб-ускуналар билан таъминланмаган, аксарият автомактабларда давомат қониқарли эмас, автомактабларда автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ўқув гуруҳларига қабул қилиниб, шартнома тузган таълим олувчиларнинг тегишли ҳужжатлари тўлиқ жамланмаган ҳолатларга дуч келар эканмиз турли тоифадаги (автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш фаолияти билан шуғулланувчи ташкилотлар МЧЖ, хусусий автомактаблар ва уюшмалар) ўртасида соғлом рақобатни ташкил этиш ва шу орқали таълим сифатини ошириш долзарб вазифалардан бири эканлигига амин бўлдик. Ўрганишлар натижаси юзасидан тегишли ташкилотларга ўзимизнинг таклифларимизни киритдик.

Бугун автомактабларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида таълим сифатини тубдан янгилаш, автомобиль мактабларига малакали тажрибали ўқитувчиларни қабул қилиш борасида белгиланган вазифалар автотранспорт воситаси орқали амалга оширилаётган турли кўнгилсиз ҳодисаларни олдини олишга хизмат қилади.

Биз депутатлар, сиёсий куч фаолларига давлатимиз раҳбарининг «Қонунчиликка киритиладиган ҳамма янгиликлар депутатлар, экспертлар ва жамоатчилик билан бамаслаҳат ишлаб чиқилади», деган фикрлари катта куч бағишлади. Шуни унутмаган ҳолда барчамиз жойлардаги мавжуд ҳолатлар юзасидан фаол жамоатчилик назоратини ўрнатган ҳолда жамият ривожига ҳисса қўшадиган, асослантирилган таклифлар тайёрлашда ташаббускор бўлайлик.

Муҳиба Бабабекова,

«Адолат» СДП Самарқанд вилояти Кенгаши раиси,

халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+