Авж олган можаро

02.08.2021 17:08:37

Ўтган ҳафта ижтимоий тармоқларда “Аёллар хўрланди, эркакларга куч ишлатилди – Намангандаги зўравон ИИБ ходимларига жазо борми?” изоҳи билан  видеохабар тарқатилди. Кескин сўзлар, ҳеч қандай гумонсирашга ўрин қолдирмайдиган хулоса. Амалда нима юз берган эди? Хабардан бунга жавоб топа олмайсиз.

Мана, қўлимизда ушбу воқеа юзасидан Наманган вилояти ички ишлар бошқармасининг ахбороти. Унда айтилишича, шу йил  30 июль куни соат 11:30 лар чамасида Наманган шаҳрининг “Шодлик” маҳалласидаги  Тўрақўрғон кўчасида яшовчи М.И. ўз хонадони ёнида қурилиш ишларини олиб бораётган фуқаро А.Б. билан жанжаллашиб қолган. Уларни тинчлантириш учун панд-насиҳатлар кор қилмагач, ҳудуд профилактика инспекторлари Б.Мўминов ва А.Хамраев жалб этилган.

Аммо жанжалкашларни тинчлантириш осон кечмаган. Фуқаролар ҳуқуқ-тартибот ходимларига  қаршилик кўрсатганлар. Ички ишлар ходимларининг  хизмат кийимининг тугмаларини узиб ташлаган. Воқеани бир тарафлама ёритишга уринган блогерлар ҳодиса жойида хизмат вазифасини бажараётган ходимларга  тош ва бошқа буюмлар билан уларга таҳдид қилган ва оммани тўплаб, жамоат тартибини бузган фуқаролар ҳақида ҳеч қандай маълумот бермаган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. ИИБ ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан эса хизмат текшируви тайинланган.

Албатта, бу ахборотдан қониқиш ҳосил қилиш қийин. Шунинг учун можаронинг сабабларини билиш мақсадида Наманган шаҳар қурилиш бўлимига мурожаат қилдик. Бизга тақдим этилган маълумотда айтилишича, муаммо Тўрақўрғон ва Навоий кўчалари туташган ҳудуддаги 100 квадрат метр ерга оид баҳсдан келиб чиққан. Ушбу майдон Наманган шаҳар ҳокимининг  2019 йил 27 декабрдаги 1702-сон қарорига асосан фуқаро Т. Насритдиновага “Савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси” қуриш учун ажратиб берилган.

Аммо бу ҳолат фуқаро М. Инамовага (нима сабабданлиги бизга номаълум) ёқмаган. У   Наманган шаҳар ҳокимлиги мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларини қонунга хилоф деб, юқоридаги қарор бекор қилинишини сўраб судга мурожаат қилган. Ўз навбатида Наманган туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 11 мартдаги ҳал қилув қарори билан шаҳар ҳокимининг 27.12.2019 йилдаги 1702-сон қарори ҳақиқий эмас, деб топилган.

Наманган вилояти маъмурий суди апелляция инстанциясининг 2021 йил 30 апрелда  Наманган туманлараро маъмурий судининг  2021 йил 11 мартдаги мазкур иш юзасидан чиқарган ҳал қилув қарори бекор қилинган. Айни пайтда М. Инамованинг Наманган шаҳар ҳокимининг 2019 йил 27 декабрдаги 1702-сон қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризасини қаноатлантириш рад этилган. Наманган туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 11 мартдаги хусусий ажрими ҳам бекор қилинган.

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган туманлараро суди 2021 йил 3 июнда 1957-сонли ишни кўриб чиқиб,  жавобгарлар – С. Инамов  ва М. Инамовага нисбатан (шаҳар ҳокимининг қарори ижросига) қаршилик кўрсатмаслик мажбуриятини юклаган. Лекин чамаси, бунга эътибор қилинмаган ва можаро яна авж олган.

 Юқорида тасвирланган воқеалардан ҳолатни атрофлича ўрганиб, унда иштирок этганларнинг ҳар бирининг ҳаракатига холис ҳуқуқий баҳо берилиши лозимлиги кўринади. Воқеалар ривожини кузатиб борамиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+