Аёл борки – олам мунаввар!

09.03.2022 11:03:08

Аёл зоти шундай мўъжизаки унинг таърифу тавсифига том – том китоб саҳифалари етмайди. Зеро, аёлсиз ҳаёт йўқ. У келажак яратувчиси, ҳаёт давомчисидир.

Буюк ва донишманд шоир Алишер Навоий ҳам асл, пок аёллар ҳақида “ Юз нопок эрдин яхшироқ, пок хотунларнинг аёғинг изи ” деб бежиз айтмаган. Бу мисраларда аёлнинг тавсифу – таърифи, олам – олам ҳақиқат ва покиза аёлларимизнинг қадру – қимматига қўйилган баҳо, унинг мукаррамлигига тамал тоши десак хато бўлмас.

Муқаддас Қуръони каримда ҳам аёл зотига ҳурмату эътибор, унинг муқаддас зот эканлигига қиёс “ Нисо ” сурасида кенг ифода этилган.

Зеро, Ҳадиси шарифда ҳам “ Оналар оёғи остида жаннату ризвон ”деб таърифланган. Табаррук авлиёлар қаторида турувчи Биби Фотима ҳам аёллардан. У кишидаги олий хулқ, ҳусну малоҳат ва заковат эркак зотига нисбатан ҳурмату эъзоз асрлар оша ислом оламига маъно ва заковат, ҳаётга бўлган завқу шавқ, авлодларга бўлган меҳру мурувват, дину ахлоқдаги покизалик хуллас бор инсоний фазилатлар мавжудки, уни сўз билан ифодалашга калом хазинаси, таъриф дафинаси етмайди. Аёл зоти шу қадар шарифа ва беқиёс, илоҳий илоҳаки, унга таъзим этмак ва бошга кўтармоқ керак. У бир рўёки уни тасвир этмоқ на шоирнинг, на рассомнинг ва бошқа санъат эгаларининг қўлидан келмайди. Аммо мавриди аёлларни улуғлаш, уларнинг ҳаётдаги ўрни, қадри – қиммати, кучи қудратини тарифламоқ жоиз экан, ҳаёт унга муносиб жавоб топиб бера олади.Оллонинг муқаддас каломида ҳам аёл зоти улуғланган, улуғланиб келаверади.

Мен ҳам аёлман, оилам, фарзандларим,содиқ умр йўлдошим, невараларим бор. Ҳаётдан ўз ўрнимни топган, бахтиёр оналарданман. Бундан беҳад қувонаман чунки озод ва экрин Ватаннинг чинакам бахтли бекаларидан бириман. Иймоним бут, бахтим бекам, қадру қимматим баланд. Бундан улуғроқ нарса дунёда йўқ, бундан фахрланаман, ўтаётган умримдан беқиёс миннатдорман,чунки бошимда муқаддас Олло паноҳи, Ватан эъзози, халқим ризолиги, доно президентимизнинг оталарча ғамхўрлиги бу чексиз бахт  эмасми ?

Аёл она сифатида муқаддас, умр йўлдош сифатида эъзозли, қиз мисолида мўътабар сингил, хола,амма тарзида қадрли, гўзаллик тимсоли малоҳат эгаси, заковат, ақл бобида бетакрор бир ажиб хилқатки унинг тавсифи беқиёс ва бетакрор. Айниқса Ўзбекистондай жаннатмакон масканда унинг қадри осмон қадар. У ўз ўрни, мавқеи, ҳурмату эътибори, қадрини билади, халқи унга ишонади. Мен ҳам оддий аёлман. Халқ менга ишониб ардоқлаб, вакил – депутат қилиб сайлади. Бу мен учун олий мартаба, муқаддас бурч, беқиёс ҳурмату эҳтиром. Мен буни қалбдан чуқур ҳис қиламан, юрагим қувончларга тўлади. Менинг олий вазифам шу халқ учун қайғуриш, дардини тинглаш, орзую армонларини амалга оширишда елкадош бўлиш, бундан бошқа вазифа менга иккинчи даражада. Бу  мен учун юксак фахр ва улкан шарафдир. Ўзим истиқомат қилаётган Ғозғон шаҳрида эл эътиборида бўлган, аёллик шавкатини юксак тутган хотин – қизларимиз кўп, биз бундай шараф эгалари билан фахрланамиз. Улар аъло оила бекалари, меҳнаткаш, ҳунарли ва ўзи ва оиласи гулшанини обод қилиб, эл ардоғида эканлиги бизни беҳад шод этади. Аммо шундайгина ёнгинамизда рўй бераётган баъзи бир хунук воқеа ва ҳодисалар бизни чуқур ўйга солади. Айниқса тижоратчи аёлларнинг баъзилари ўлчовни, меъёрни унутиб, тарозидан уриб қолиши, харидор хақига хиёнат қилиши, айримлари уйда бекорчиликдан ясан – тусан билан умри ўтаётганлиги ва бекорчиликдан идорама – идора югуриб, мадад сўраши, кийимларига қараб уни муҳтож экан деб ўйламайсан, аммо бўлар – бўлмас гапларни айтиб раҳбарларни ишдан қолдиришлари ҳеч бир қуюшқонга сиғмайди. Соғлиғи жойида, савлати тоғдек бу аёлларга нима дейишни билмайсан. “ Замон сенга боқмаса, сен замонга боқ ” юртбошимизнинг сўзларини эшитиб, унинг мағзини чақ, ишла, ҳунар ўрган ва беминнат ҳақ топ, рўзғорингни обод қил. Бировнинг бергани ҳеч қачон қоринни тўйдирмаган. Ўз меҳнатинг билан топганинг қанд новвот еганинг. Буни ҳар бир аёл онгли тушунса эди, Ватан янада обод, фаровон бўларди. “ Эрни эр қиладиган хотин, эрни қора ер қиладиган ҳам хотин ” деган халқ мақоли бежизга айтилмаган, ахир. Шундай экан, зукко, ақлли аёл ҳеч қачон уйидаги чапни кўчага олиб чиқмайди, тош келса кемириб, сув келса симирадиган аёлнинг шаъни оиласи ҳеч қачон ёмонлик кўрмайди. Ана шу сабаб аёл доно ва келажагини ўйлаган, эрининг меҳнатини, эркалигини, унинг оиланинг бош бўғини эканлигини чуқур англаса, бу оила мустаҳкам қалъа, йиқилмас қўрғонга айланади. Бунда аёл кишининг ўрни беқиёс.

Оила тинч бўлса олам тинч, Ватан обод, чегара дахлсиз, табиат беғубор, умр осойишта, ҳаёт гўзал ва мароқли, умр эса бахтга тўла ва миннатдор инсонлар, шу ҳаётдан беармон ўтади.

Мен ҳам аёлман, онаман, халқимга керакман. Шунинг ўзи улуғ бахт ва шараф менга. Шу сабаб дунё аёллари маҳкам туринг, бизга тинчлик керак, ёруғлик ва мунаввар ҳаёт беринг, олам ана шу нурга чулғансин, инсонлар бахтли бўлсин дейман.

 

Навоий вилояти

Ғазғон шаҳар “Аёллар” қаноти раиси

Шарипова Ойгул Рустамовна

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+