Аёл буюк ва беқиёс мўъжиза

08.02.2022 13:02:07

Ҳар бир инсоннинг жамиятда ўз ўрнини топиши авваламбор, унинг оилада олган тарбияси, айниқса, оналарнинг фарзандларини интеллектуал салоҳиятли ва ҳар томонлама етук этиб тарбиялашдаги роллари ўта муҳим.

Шу ўринда ёзувчи Марсель Бироннинг машҳур “Менким, соҳибқирон-жаҳонгир Темур” китобидан лавҳага эътиборингизни тортмоқчиман: “Табаристонда ҳўкизлар ҳам шу қадар йирикки, кўриб қўрқиб кетасан. Шуниси қизиқки аёллардан бошқа ҳеч кимса уларга яқинлаша олмайди. Тилини билгани боис аёллар уларни ушлашар, тинчлантиришар экан. Эркаклар бундай қила олмайди, агар улар яқинлашгудек бўлса, ҳўкизлар ташланиб қолар экан”. Айтмоқчиманки, аёллар ўзлари жамият ҳаётида юксак натижаларга эришишлари билан бир қаторда, фарзандлари ва турмуш ўртоқларини маънавий қўллаб-қувватлашлари орқали ҳам оламшумул натижаларга эришадилар.

“Ҳар бир буюк шахснинг ортида буюк аёл бор” деган нақл бежизга эмас. Демак, фарзандларимиз дунёда тенги йўқ биноларни барпо этувчи бўлиб етишадими, Ватанга содиқ ҳимоячими, енгилмас спортчи ёки энг зўр сиёсатчими, илм-фанни ривожлантиришдаги кўзга кўринган олим ёки бугунги кунда инновацион янгиликлар яратувчисими-бу она сути орқали болага берилган беминнат меҳр-муҳаббат, уни тарбиялаш даврида боланинг руҳиятидаги буюк ишларга қодирлигига сингдирилган ишонч ва қолаверса, онанинг шахсий намунаси муҳим аҳамият касб этади.

Тарихимизга бир назар ташлайлик, дунё цивилизациясига беқиёс ҳиссаларини қўшган қанчадан қанча буюк юртдошларимизни биламиз, уларнинг сермаҳсул меҳнат натижалари элнинг манфаати йўлида амалга оширилган. Биргина буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг қуйидаги мисралари фикримизнинг яққол мисолидир:

Менга қилса юз жафо бир қатра фарёд айларам,

Элга қилса бир жафо юз қатра фарёд айларам.

“Инсон қадрини улуғлаш” тамойили асосида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг негизида аҳолининг тинч, соғлом, бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши, эртанги кунига бўлган ишончини ортиши мужассам. Шундай экан, юртимизнинг равнақи, фарзандларимизнинг порлоқ истиқболи кўп томондан сизу бизга боғлиқ. Демак, авваламбор, бугунги кунимизга шукроналик келтирган ҳолда, оила аъзоларимизни маънавий қўллаб-қувватловчи, уларни эл манфаати йўлида буюк ишларга қодир инсон эканликларига мотивация берувчи мўъжизакор аёл эканлигимизни англамоқ фурсати етди.

Л.Хайдарова,

Халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+