Аёл маънавиятдир Аёл ҳаёт гулшанидир.

17.02.2022 16:02:15

 Аёл, шу оддий сўз асосида нозиклик, гўзаллик, меҳрибонлик, сабр-тоқатлилик каби бир қанча сифатлар жам бўлган.

Аёл бир вақтнинг ўзида садоқатли умр йўлдош, меҳрибон опа-сингил, қалби дарё она ҳисобланади. Аёл бир қўлида бешикни, бир қўлида дунёни тебратади. Аёл жасорат, матонат, садоқат тимсоли сифатида асрлар давомида тилларда достон.

Ҳаёт – аёллар билан гўзал. Аёлнинг меҳрибонлиги, ғамхўрлиги оқилалиги, қалби дарёлиги билан оиладаги, бутун жамиятдаги муносабатни поклик, ҳалоллик, самимият ва адолат муҳитида сақлаб туради. Аёлга оила бахт-саодати, таянчи фарзандлар тарбиясида синалган кўмакчи назари билан қаралади.

Ибн Сино назарида гўзал турмуш роҳат-фароғат билан умр ўтказишдир. Кўркам турмуш эса ҳусн-хулққа боғлиқдир. Турмуш одоби туфайли оила бахт-саодатга эришади, тарбияси маъқул фарзандлардан улуғ зотлар етишиб чиқади.

Демак, чиройли, ибратли турмуш тарзи билан қисқа умр жаннатга айланиши мумкин.

Аёллар ҳамма даврларда ҳам жамият тараққиётини белгилаган. Таълим-тарбия инсоний гўзал фазилатлар ҳар бир кишига она сути, она алласи билан сингади. Сўнги йилларда юртбошимиз раҳбарлигида аёлларнинг жамиятдаги ўрнини ва ролини янада мустаҳкамлашга ва фаоллигини оширишга, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириб, муносиб меҳнат шароитларини яратишга қаратилган эътибор замирида ҳам аслида ана шу эзгу  мақсадлар мужассам. Юртимизда аёлларга, хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас. Ўтган давр мобайнида хотин-қизлар орасида Ўзбекистон қаҳрамонлари, сенаторлар ва депутатлар,  жаҳон чемпионлари, олиму-фузалолар етишиб чиқди.

Дарҳақиқат,  бугунги замонавий  ўзбек аёли ҳам оила ҳам жамият равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Мамлакатимизда аёлларимиз  эришаётган  муваффақиятлар ҳақида  ҳамиша фахрланиб гапирсак арзийди. Истиқлол  шарофати туфайли  опа-сингилларимизнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини таъминлаш учун  барча имконият, имтиёзлар яратилди. Бу эътибор замирида эса, ҳеч шубҳасиз, аёл зотига, аввало, онага меҳр кўрсатиш ғояси ётади.

 Юртимизда давлат ва жамият ишларида аёллар иштирокини таъминлашда ҳуқуқий кафолатлар яратиш, уларни таълим-тарбия ишларида, раҳбарлик лавозимига кўтаришга катта аҳамият  берилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жамиятни демократлаштириш,  эркинлаштириш ва соғломлаштириш шароитида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий-ҳуқуқий мавқеини ошириш омиллари такомиллашмоқда. Аёлларимиз ижтимоий ҳаётининг ҳамма соҳаларида ўз ақл-заковати,  билимдон ва шижоатларини намоён этмоқдалар.

Аёлни улуғлаш – оилани, ватанни, ҳаётни улуғлашдир. Чунки, оилани ҳам жамият ва миллатни бирлаштириб, унга файз-барака киритадиган хонадонларимиз меҳр-муҳаббат, иффат-нафосат, эзгулик ва яхшилик ҳамда саховат нури билан мунаввар қиладиган зотлар мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиздир. Улар ўзларининг оқилу-донолиги, самимий, хушфеъллиги, орияту латофати, саховати билан оила, жамият ва жамоадаги соғлом муҳит ва мувозанатни сақлаб туради. Шунинг учун аёлларимизни юртбошимиз, ҳаётимиз чироғи, умримиз гули, одоб гултожи деб эъзозлайди.

Мамлакатнинг мустаҳкамлиги - оилаларимизнинг мустаҳкамлигидир. Ақлли аёлларимиз эса мустаҳкамлигимиз таянчидир.

Аёл зотига Оллоҳ томонидан берилган бир улуғ неъмат бор, у ҳам бўлса меҳрдир. Ҳар оила аъзоларининг аҳил-иноқ яшаши, тинчлик ва осойишталиги, хотиржамлиги, мустаҳкамлиги, эришаётган ютуқлари аёлнинг оилада соғлом маънавий муҳит яратиши туфайлидир.

Зеро, аёл жамият ҳаётининг устуни ва давомчисидир. Аёлларга ҳурмат, ғамхўрлик ва эҳтиром жамиятнинг бугуни ҳамда эртанги равнақининг гаровидир.  Аёл-ижодкор, аёл ҳар ишда фидокор, ҳаётни ҳаётга, авлодни авлодга уловчи жамият таянчи  бу -Аёл.

 

Мубина Камолова  

Учқудуқ туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+