Аёл — сиёсатчи, тадбиркор, уй бекаси

16.09.2022 09:09:34

Президентимиз раҳнамолигида мамлакатда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, саломатлигини муҳофаза қилиш, интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент вилояти Кенгашининг ташаббуси билан жойларда жамиятда хотин-қизларнинг ролини ошириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтириш мақсадида «Аёл сиёсатчи» образи тўғрисида ижобий фикрларни шакллантиришга қаратилган «Хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини оширишда сиёсий партияларнинг ўрни ва роли» мавзусида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Республикамизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва социал фаоллигини ошириш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилиятлари, имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги биринчи қадамларидан бири бу – Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 46-моддасида: «Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлидирлар» - дея эътироф этилиши бўлди. Бу билан мамлакатимизда аёллар жамиятнинг фаол аъзоси сифатида барча соҳаларда кенг қамровли иштирок этиши ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланди.

Ўзбекистон Республикасининг 2030 йилгача Гендер тенгликни ошириш стратегик Концепциясида ҳам аёлларнинг жамиятдаги иштирокини таъминлаш ва раҳбар лавозимларига қўйиш мақсадида Захира кадрлар тайёрлаш масалалари илгари сурилган. Олий Мажлис Сенатида «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш бўйича фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори асосида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди. Ўзбекистон аёллари давлат ва жамият ҳаётида фаол иштирок этмоқда, уларнинг оиладаги мавқейи мустаҳкамланмоқда.

Тошкентда ўтган Парламентлараро иттифоққа аъзо давлатлар аёл раҳбарларининг 14-саммитида ҳам Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўзига хос тажриба шакллангани алоҳида эътироф этилгани фикримизга исбот бўла олади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатида қайд этилишича, Ўзбекистонда депутатларнинг деярли учдан бир қисмини хотин-қизлар ташкил этади.

Мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол бўлган депутат ва раҳбар хотин-қизлар сафида «Адолат»чи аёлларнинг борлиги қувончли ҳол, албатта.

Бугун «Адолат» чи аёллар сиёсат ва раҳбарлик бошқарувида қашшоқликни тугатиш ва оилалар бахтини таъминлашга қаттиқ эътибор қаратиб, ижтимоий адолатни таъминлашга маҳкам бел боғлашган.

Бизнинг адолатчи опа-сингилларимизнинг етакчилик услубларида кўпроқ ўзаро ҳамкорлик ўрнатишиб, жамият фикрига қулоқ солишаётгани намоён бўлмоқда.

Зотан, Ирландиянинг собиқ президенти Мери Робинсон ўринли аётганидек, «Аёл киши ҳокимиятда бўлса, ҳар бир олган қарорида болалари, неваралари тақдирини ўйлайди».

Равшан Мирзақулов,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Тошкент вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+