Аёлга эътибор – келажакка эътибор

18.03.2021 12:03:56

Маълумки, миллатнинг ўзига хос маънавиятини шакллантириш ва юксалтиришда, шубҳасиз, оиланинг, оилада эса аёлнинг ўрни ва таъсири беқиёсдир. Чунки инсоннинг энг соф ва покиза туйғулари, илк ҳаётий тушунча ва тасаввурлари биринчи галда оила бағрида ва она тарбияси билан шаклланади. Мамлакатимизда юртимиз хотин-қизларининг жамиятдаги ўрни, уларнинг оилага бўлган муносабатлари, ижтимоий ҳаётдаги роли ғоят муҳим аҳамиятга эгалиги боис уларнинг мавқеи ҳар жиҳатдан юқори баҳоланмоқда. Ҳуқуқий давлат ва демократик жамият қуриш йўлидан дадил одимлаб бораётган мамлакатимизда хотин-қизларнинг эркаклар билан барча соҳада тенглигини таъминлашга, уларни улуғлаш ва қадрлашга, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган миллий ҳуқуқ тизими яратилди.

Президентимиз раҳнамолигида аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаоллигини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар берамоқда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси аёлларга оид давлат сиёсатини кенг жамоатчиликка етказиш, унинг давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, опа-сингилларимизнинг ижтимоий фаоллигига доир янги ғоя ва ташаббусларни илгари суриш, ижтимоий аҳамиятга молик дастур ҳамда ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини таҳлил ва сарҳисоб қилиш, келгусидаги режаларни белгилаб олиш, ижтимоий шерикликни мустаҳкамлаш, қуйи тизим фаолиятига янгича йўналишлар бериш, тажриба алмашиш, аёллар ўртасида учраётган турли муаммоларни бартараф этиш, улар бандлигини таъминлаш бугунги куннинг энг  долзарб масалаларидан биридир.

Аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда “Аёллар ижтимоий мослашув марказлари” муҳим аҳамият касб этмоқда. Ушбу марказлар аёлларни турли вазиятларга тушиб қолганида руҳий ва психологик ёрдам кўрсатади. Бундан ташқари “Аёллар маслаҳат маркази”, “Аёллар ва болаларни ижтимоий ҳимоялаш” марказларининг ташкил этилгани хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди. Зотан, мазкур марказлар хотин-қизлар ўртасида тиббий маданиятни ошириш, уларнинг қонуний манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, оила институтини ривожлантириш каби эзгу мақсадларга хизмат қилаётир.

Марказларда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш, хотин-қизларни турли ёт иллатлар таъсиридан асраш, қизларни миллий қадриятларимизга таянган ҳолда тўғри тарбиялаш, яқин қариндошлар ўртасидаги ва эрта никоҳнинг салбий оқибатларига бағишланган маънавий-маърифий тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.

Хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ролини ҳимоя қилишга қаратилган саксондан ортиқ миллий ва халқаро ҳужжатлар қабул қилинганлиги аёлларга бўлган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг амалий исботидир. Бугун ижтимоий ҳаётимизнинг барча соҳаларида фидойи аёлларимизнинг фаоллашиб бораётганлигини кўрамиз. Зеро, ҳар қандай жамиятнинг маданий даражаси ва маънавий баркамоллиги аёлларга бўлган муносабат билан белгиланади.

Миллатимиз оналари, не-не алломаларни дунёга келтирган, уларни аёл боши ила тарбиялаб, ҳар тарафлама баркамол инсон сифатида жамиятга тақдим этган буюк ва қаҳрамон момоларимизнинг зурриётларисиз. Ўзларингизнинг ва бутун жамиятимизнинг келажаги бўлмиш фарзандларингиз тарбиясига беэътибор бўлманг. Зотан юрт, миллат тақдири Сиз – азиз аёллар қўлидадир.

Мавлуда Абяқулова,

Қарши шаҳар 42-информатика ва ахборот

технологияларига ихтисослаштирилган

таянч мактаби олий тоифали ўқитувчиси,

партия фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+