Аёлга зуғум қилманг

14.04.2021 22:04:48

Бугунги кунда давлат бошқаруви ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда аёллар сони кам эканлиги давлатимиз раҳбари томонидан ҳам бир неча бор танқид остига олинмоқда. Халқаро меҳнат ташкилотининг маълумотига кўра ҳар 10 ишловчи эркак кишига 6 та ишловчи аёл тўғри келар экан.  БМТ Бош Ассамблеясининг 74-сессиясида ҳам ташкилотнинг Аёллар қаноти гендер тенглик, мамлакатларнинг барқарор тараққиётига эришиш йўлида аёллар учун ҳам муносабати ҳуқуқ ва эркинликлар таъминланиши масалаларини бежиз ёритилмаган. Чунки, сессияда 192 нафар нутқ сўзлаган арбобларнинг атиги 17 таси аёллар эканлигини кўришимиз мумкин.

 Президентимиз томонидан биз аёлларга катта эътибор қаратиш натижасида “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис этилди, Зулфия номидаги Давлат мукофоти лауреатларини қўллаб-қувватлашнинг янги тизими яратилди. Шу билан бирга, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш, тадбиркорлик соҳасида самарали фаолият юритиш механизмлари яратилмоқда.

Барчамизга маълумки, БМТ маълумотига кўра дунёдаги аёлларнинг 35 фоизи турли кўринишдаги тазйиққа, яъни  оила азолари ёки бирга яшаб турган эркаклар томонидан ўлдирилганлиги аниқланган. Ҳар бир мамлакат бу каби салбий ҳолатларга ички имкониятлари, қонунчилиги ва кескин чоралар кўриш билан қарши туриши лозим.

Ҳақиқатан аёл зоти, уни қанчалик эркаклар билан тенглаштиришга уринмайлик, ўзининг нозик табиати, кескин ҳиссиётларга берилувчанлиги, жисмоний кўмакка муҳтожлиги ва энг муҳими аёл-оналиги билан ажралиб тураверади.

Шуни унутмаслик керакки, қадимдан жамиятимизда аёл, энг аввало, оила бекаси сифатида тилга олинади. Демак аёлнинг оила, эр ва фарзандлар билан боғлиқ юмушлари бир маромга етгачгина, у ўзининг давлат ва жамият учун танлаган касби билан етарли даражада шуғуллана олади. Ҳаттоки, давлат органида муносиб лавозимларда туриб ҳам оиласида тазйиқларга учрайдиган аёллар йўқ эмас.

Мана шундай муаммоли ҳолатларни бартараф этиш, аёл давлат ҳимоясида эканлигини яна бир бор кўрсатиш ва таъминлаш мақсадида 2019 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги, “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 17 августда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 23 августда маъқулланган.

Аёлларга нисбатан ҳеч қандай куч, зўравонлик, уриш, калтаклашни ишлатиб бўлмайди. Насиҳат қилиш, у кор қилмаса, секин туртиб огоҳлантириш, у ҳам кор қилмаса, ётоқларида тарк қилиш кўзда тутилган. Шунга қарамай тазйиққа учраётган, жамиятдаги қоралашлар ва оила ҳамда фарзандларни ўйлаб чидаб келаётган аёллар ҳам мавжуд.

Аслида аёлларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик барча жамиятларда, жумладан, Исломда ҳам қораланади. Аллоҳ таоло инсоният наслини давом эттириш учун аёлга оналик имконини берди. Аёл эркак учун таскин, осойишталик ва либос тимсолига айланди. Бу ҳақда Қуръони каримда бундай дейилади: “У сизларни бир жондан яратган ва ором олсин учун ундан жуфтини яратган Зотдир” (Аъроф сураси 189-оят). Бошқа бир оятда эса: “Улар (Аёллар) сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз” (Бақара сураси 187-оят), деб марҳамат қилинган.

Аёлларга чиройли муомала қилишда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам бутун инсониятга намуна бўладилар. Аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, хотин-қизларнинг ҳуқуқини белгилаб беришда нафақат Ислом оламига, балки бутун жамиятга ибратдирлар. У Зотнинг муборак охирги васиятларида бундай машҳур жумлалар бор эди: “Огоҳ бўлинглар, аёлларга яхши муомала қилинглар!..” (Имом Термизий ривоятлари).

Олмониялик таниқли олима Аннамарие Шиммелнинг “Жонон менинг жонимда” китобида бундай жумлалар келади: “Ислом жамиятида энг катта ҳурматга лойиқ зот – аёл, она ҳисобланади”. Модомики шундай экан, Онага, Аёл зотига юксак эҳтиром кўрсатиш –азалий қадриятларимиздан биридир.

Соҳибқирон Амир Темурнинг: “Аёлларга имкон қадар илиқ муомалада бўлишга ҳаракат қилдим”, деган ҳикматли сўзи асрлар ошса-да, ўз моҳиятини йўқотмаган. Қадимдан аёлни эъзозлаган давлат гуллаб яшнаган, равнақ топган. Аёлни ардоқлаган оила эса бу дунёнинг жаннатига эришган.

Мамлакатимизда аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унинг жамиятдаги ва оиладаги ўрнини мустаҳкамлаш учун қанча имкониятлар яратилмасин, ушбу имкониятлардан тўғри фойдаланиш, берилган имтиёзларни жамият ва давлат равнақи йўлида тўғри қўллай олиш ҳар бир фуқаронинг ўзига ҳаволадир.

 

Р.Б.Ризаева,

 “Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+