“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга қандай ёрдамлар берилди?

17.06.2021 12:06:57

“Аёллар дафтари”... Ижтимоий ҳимоя, уй-жой таъмири, тиббий ҳимоя, ҳуқуқий ёрдам, психологик маслаҳатга муҳтож, боқувчисини йўқотган, нотурар жойда истиқомат қилаётган, қарамоғида ногирон фарзандлари бор ёлғиз аёллар рўйхати киритилган дафтарни варақлаймиз.

Дарвоқе, 2020 йилнинг сўнгги ойида Пастдарғом туманда 63645 нафар хотин-қизлар билан суҳбат ўтказилиб, унинг якунлари бўйича 30 ёшдан ошган 3202 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилган. Хўш, бугунги кунгача рўйхатда қайд этилган хотин-қизларга қандай кўмаклар берилди?

- Рўйхатга киритилган 3202 нафар хотин-қиздан 1477 нафарини ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз аёллар ташкил этади, - деди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Пастдарғом туман бўлими хотин-қизлар фаоллигини ошириш бўйича бош мутахассиси Наргиза Нишонова. – Шундан 251 нафарининг иш билан бандлиги таъминланди, тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 358 нафар аёлга имтиёзли кредитлар ажратилди. Шунингдек, 549 хотин-қиз эса айни пайтда касб-ҳунарга ўқитилмоқда, 319 тасига такрорий экин жойларидан ер ажратилиб, бандлиги таъминланди.

Яна рақамларни кўздан кечирамиз. Боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд 571 нафар хотин-қизларнинг ҳар бирига 980 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилган. Уй-жойини таъмирлашга муҳтож биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган 46 хотин-қизнинг уй-жойи таъмирланиб берилган. Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзи ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жойи мавжуд бўлмаган хотин-қизлар 80 нафарни ташкил этиб, шундан бир нафарига ижара шартнома пули (860 000 сўм) йил давомида, 27 нафарига субсидиялар ҳисобидан дастлабки 504 миллион 900 минг сўм бадал пули, 6 нафарига 113 000 000 сўм бошланғич бадал пули тўлаб берилган. 43 нафарига ҳомийлик асосида уй ажратилиб, 3 190 000 000 сўм, 3 нафарига ижтимоий уй берилиб, 33 000 0000 сўм пул маблағи сарфланган. Шунингдек, қарамоғида ногиронлиги бор фарзанди бўлган 146 нафар ёлғиз аёлларга 490 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам пули берилган. Бундан ташқари, психологик маслаҳатга муҳтож 36 хотин-қизга малакали психологлар етакчилигида давра суҳбатлари, индивидуал савол-жавоблар ўтказилган.

- Бажарилган эзгу саъй-ҳаракатлар натижасида сессия қарорлари билан 3202 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари” рўйхатидан чиқарилди, - дейди Наргиза Нишонова.

Чунончи, мамлакатимизда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни жамият етакчисига айлантиришга қаратилган қатор қарор ва фармонлар моҳиятида бир мазмун мужассам: аёл бахтли бўлсин!

Аёлнинг ҳаётдан кўнгли тўлса, хонадони фариштали, фарзандлари бахтиёр бўлади, эртанги кунга ишонч ортади. Шундай экан, “Ёрдам кўрсатилди”, “Иш билан таъминланди” дейиш билан чекланилмайди. Муаммоларни қайта-қайта ўрганиш, шарт-шароит яратиш борасида белгиланган вазифалар давом этаверади.

 

Гулжаҳон МАРДОН қизи,

партия фаоли

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+