Аёллар ҳуқуқлари  – эътиборда

14.06.2022 09:06:28

“Адолат” СДП Тўрақўрғон туман ташкилоти ўз сафларида 3300 дан ортиқ кишини бирлаштирган. Уларнинг эллик беш фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Аёллар иқтисодий-ижтимоий соҳаларда фидокорона меҳнатлари билан барчанинг эътирофига сазовор бўлмоқдалар. Сафдошларимиз ҳам хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини янада оширишга қаратилган тадбирларда фаол қатнашмоқдалар. Бу борада ҳамкор ташкилотлар билан алоқалар тобора мустаҳкамланаётгани катта аҳамият касб этмоқда.

Мисол учун, “Аёл дунё безаги, меҳр-муҳаббат рамзи” деб номланган тадбирни олайлик. У туман марказида жойлашган  Исҳоқхон Ибрат номидаги мажмуада бўлиб ўтди. Миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси, мушоира, китобхонлик, “Ибратли қайнона” ва “Ибратли келин” танловлари ўтказилди.  Бундай танловлар хотин-қизларимизнинг фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда, албатта.

 – Аммо ҳаёт доим ҳам бир текис кетавермайди, - дейди “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедова. – Баъзан ўзига яраша қийинчиликлар учраб туради, мушкул вазиятлар юзага келади. Шундай ҳолатларда биз опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлашимиз, уларга ёрдам кўрсатишимиз зарур. Яқинда туман марказида иш бошлаган «Ижтимоий мослаштирув» хоналари” ана шу мақсадда  ташкил этилди. Мазкур жараёнда партиядошларимиз  фаол қатнашдилар.

Ушбу тизим мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам жорий этилиб,  хотин-қизларни оила ва жамиятда қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.  Шу йўл билан аёлларнинг касб-ҳунарли бўлишлари, қизларни турмушга тайёрлаш, айни вақтда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганларга амалий ёрдам бериш мумкин.

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасининг ташаббуси билан бундай  реабилитация ва ижтимоий мослаштириш хоналари Наманган вилоятида ҳам очилди. Уларнинг дастлабкиси  Тўрақўрғондаги агротехнологиялар техникуми биносида фаолият  бошлади.

Бу тузилма таркибида мослашув ва тадбиркорлик маркази, ёшларни оилага тайёрлаш мактаби бор. Уларга маҳаллалардан тавсия асосида юборилган хотин-қизлар чекланмаган миқдорда қабул қилинади. Ўқув ва касбга йўналтириш хоналари зарур ишлаб чиқариш ва маиший техника воситалари билан жиҳозланган.

«Ижтимоий мослаштирув хоналари”нинг очилиши катта тантанага айланди. Унда  ҳунарманд аёллар ўз қўллари билан яратган маҳсулотларни намойиш этишди. Ёш санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар ҳам барчанинг дилини яйратди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

“Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши

матбуот котиби.

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+