"Аёллар қаноти" аёлларга қанот бўла оляптими?

26.08.2022 10:08:09

Сўнгги йилларда мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий жараёнлар жадал суръатлар билан ривожланиб бормоқда. Мамлакатимизда хотин-қизларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда, улар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий манфаатлари тўла ҳимоя қилиняпти. Бу ўз навбатида «Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши «Аёллар қаноти» олдида турган вазифалар масъулиятини янада оширилишини тақозо этмоқда. Ўз сафларидаги партия аъзоларининг деярли ярмини хотин-қизлар ташкил этаётган Ўзбекистон «Адолат» СДП вилоят Кенгаши ҳам аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга, уларни ижтимоий фойдали меҳнатга, оилавий тадбиркорликка жалб этишга устувор вазифа сифатида қарамоқда.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон «Адолат» СДПнинг Самарқанд вилояти ташкилоти ҳисобида жами - 61490 нафар партия аъзолари рўйхатга олинган. Шундан 28848 нафар яъни 48,9 % «Аёллар Қаноти» аъзолари ташкил этади.

Ўз сайловолди дастуридан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон «Адолат» СДП хотин-қизларни сиёсий жараёнларда фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Бунга биргина мисол, Самарқанд вилоятидаги 5 та сиёсий партия раҳбарлари ичида ягона аёл раҳбар - Муҳиба Бабабекова партиянинг Самарқанд вилоят Кенгаши раиси. У кишининг раҳбарлиги остида 16 та туман ва шаҳар Кенгашларининг 9 тасида хотин-қизларимиз самарали фаолият олиб бормоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик Палатасига вилоятимиздан сайланган 3 нафар депутатнинг 2 нафари аёллардан, вилоят кенгашига сайланган 12 нафар депутатларнинг 9 нафари хотин-қизлардан, туман, шаҳар Кенгаши депутатларининг 43 нафари аёллардан иборат. Аёллар қаноти туман ва шаҳар кенгашлари раислари сифатида жамоатчилик асосида 17 нафар хотин-қизлар фаолият юритиб келмоқда. Яна шуни ҳам қайд этиб ўтиш лозимки вилоятдаги партиядошларимиз орасидан 1 нафари аёл ҳокима, Каттақўрғон шаҳар ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Гавҳар Алимова, 6 та туман ва шаҳарлардаги ҳоким ўринбосарлари партиямизнинг фаол аёллари ҳисобланади.

Жорий йилда партиямизнинг фаол хотин-қизларидан 8 март байрами арафасида 5 нафарига «Муътабар аёл» кўкрак нишони билан, Гавҳар Алимова эса «Дўстлик» ордени билан мукофотланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фаол тадбиркор» кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисида»ги фармойишига кўра 1 нафар аёл депутатимиз Гулбека Қучқарова ушбу кўкрак нишони билан тақдирланди. Яна бир фаол сафдошимиз Адолат СДП Тойлоқ туман Кенгаши «Ёшлар қаноти» раиси, «Партиянинг оқила аёли» кўрик танловининг Республика босқичи ғолиби Наргиза Юнусовани барчангиз яхши танийсиз. Жорий йилнинг март ойида Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган «Хотин-қизлар ҳуқуқлари бўйича долзарб икки ой» доирасида ўтказилган «Жамиятда аёл: муаммо ва ечимлар» танловининг «Энг яхши журналистик материал учун» йўналиши ғолиби бўлди. Бундан ташқари кўплаб республика танловлари ғолиби 2021 йилнинг декабрь ойида «Гендер тенглик фаоллари» танлови ғолиби, «Олтин қалам 2021» кўрик танловида иштирок этиб Европада ҳамкорлик ва хавфсизлик ташкилотининг Терроризмга қарши кураш мавзусидаги материаллари учун хорижда малака ошириш имкониятини қўлга киритди.

Шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, 2022 йил мен учун ҳам катта қувончли воқеаларга сабаб бўлди. Май ойида партиямизнинг Сиёсий Кенгашининг навбатдаги Пленуми Хоразм вилоятида ўтказилди. Ушбу тадбирларда мен ҳам иштирок этиб «Адолат» кўкрак нишони билан тақдирландим, Хоразмлик партиядошларимиз томонидан Адолат дўпписи билан ҳам сийландим. Бу мени ғайратимга ғайрат қўшди.

«Адолатли қайнона» йўналишида маҳаллаларда хотин-қизларни янада кенг ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда кўмаклашиш мақсадида грант лойиҳаларида ўзимизнинг лойиҳаларимиз билан иштирок этиб келмоқдамиз. Чунки, хабарларингиз бор «Адолатли қайнона» кўрик танловини ташкил этиш ғоясини дастлаб партиямиз Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмоновнинг Каттақўрғон шаҳридаги фаол аёлларимиз, ёши улуғ онахонларимиз билан бўлиб ўтган учрашувидан илҳомланиб таклиф берилган эди. Бугунги кунда ушбу танловнинг вилоят, туман ва шаҳар босқичларида иштирок этган, ғолибликни қўлга киритган қайноналаримизни жамлаганмиз, маҳаллаларда улар томонидан хотин-қизлар масалалари, қизларни оилавий турмушга тайёрлаш борасида турли учрашувлар ташкил этишни йўлга қўйганмиз.

Биргина мисол, партиянинг Тайлоқ ва Ургут туман Кенгашидаги Адолатли қайноналаримиз томонидан маҳалла қошида Аёллар учун соғломлаштириш тўгараклари ташкил этилган. Ҳар куни эрта тонгдан бадантарбия машқлари билан машғул бўлишади, саломатликни асраш ҳамда тўғри овқатланиш борасида тушунчалар берилади. Ёки бўлмаса Пастдарғом туманидаги Аёллар қаноти раисимиз Гулмира Бобоева фаолиятига назар ташласак хотин-қизлар бандлигини таъминлаш масаласида доимий кўмакка тайёр, жорий йилда ҳам Гулмира Бобоева томонидан 11 нафар хотин-қизлар тикувчилик корхоналарига ишга жойлашди. Шу билан бирга Гулмира Бобоева томонидан янги ўқув йилида «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтар»ида турадиган оилаларнинг 40 нафар фарзандларини ягона мактаб формаси билан таъминлашни режалаштирган.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида «Аёллар қаноти» томонидан «Саломатлик йўлида бирлашайлик» лойиҳаси доирасида 7 маротаба хотин-қизлар саломатлигини сақлаш мақсадида тиббий кўриклар ташкил этилиб, 300 га яқин фуқаролар тиббий кўрикдан ўтказилди. Шу билан бирга лойиҳа доирасида хотин-қизлар саломатлигини асраш, эрта турмушни олдини олиш масалаларига бағишланган 10 дан ортиқ тадбирлар ташкил этилди.

Партия томонидан ташкил этилган «Бир адолатчи-юз аёлга ҳимоячи» лойиҳаси доирасида хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал қилиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларни таҳлил этиш, «Аёллар дафтарига» киритилган ишсиз, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизнинг бандлигини таъминлашга, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишга, кредит ажратишга, томорқа ерларидан самарали фойдаланишига кўмаклашиш мақсадида 20 га яқин тадбирлар, юзма-юз учрашувлар уюштирилиб 40 га яқин муоммоларни ҳал этишда кўмак берилди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати шаклланган «Темир дафтар» тузилиб камбағалликни тугатишда ўз самарасини бераётгани қувонарли ҳол. Шу ўринда, партиямизнинг шаҳар ва туман Кенгашлари ўртасида ташкил этилган партиянинг «Бир ойда бир иш ўрни» лойиҳаси ҳам ишсиз юрган фуқароларнинг бандлигини таъминлаш орқали камбағалликни тугатишга хизмат қилмоқда.

Хусусан, биргина вилоят Кенгаши депутат Гулбека Қучқарова ҳомийлигида «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган 5 нафар хотин-қизларга тикув машиналари олиб берилган. Ушбу аёллар бугунги кунда «Бека Чарос» хусусий корхонасига шартнома асосида кийим-кечаклар, турли хилдаги касб формаларини тикиб етказишда кўмакчи.

Партия «Аёллар қаноти» вилоятимизнинг энг чекка ҳудудларгача бориб, хотин-қизларни сиёсий саводхонлигини юксалтириш, уларни бугунги яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда бандлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Партиянинг «Бир ойда бир иш ўрни» лойиҳаси доирасида жорий йил давомида 91 нафар хотин - қизларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилди. Бу борада жойларда турли партиявий лойиҳалар, семинарлар, очиқ мулоқотлар орқали улар билан дилдан суҳбатлашилмоқда, муаммоларига ечим топилмоқда.

Гулбаҳор Хусаинова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП Самарқанд вилоят Кенгаши Аёллар қаноти раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+