Аёлни хўрлаш - ўзимизга хиёнат

25.06.2021 14:06:45

Дунё яралибдики, аёл зотига ҳаёт мусаввири сифатида қаралади. Дарҳақиқат, бу кўҳна оламни минг бир хил рангин бўёқларда акс эттирувчи, атрофга гўзаллик, эзгулик, меҳр ва муҳаббат улашувчи нозик хилқат, аёл миллатнинг ор-номуси, шаъни, ғурури ва умр гултожи ҳисобланади.

Мамлактимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиб бериш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Уларнинг ҳақ-ҳуқулари қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйилган.

Минг таассуфки, сўнги пайтларда хотин-қизларга нисбатан зўравонлик, улар қадр-қимматини поймол қилиш, хўрлаш каби ҳолатлар учрамоқда. Ожиза аёлга кучини кўрсатиб, уни оёқ ости қилиш ёки ҳайвоний ҳисларини бошқара олмай унинг номусини топташга ҳам бормоқда. Ижтимоий тармоқлар орқали 19 ёшли қизнинг иш жойида зўрлангани ҳақидаги маълумотни ўқидим-у, ғазаб жўшди. Оиласи иқтисодига ҳисса қўшаман, рўзғорга ёрдам қиламан, 4-5 сўм пўл топаман деган мақсадида ишга жойлашган қиз, номусидан айрилса. 

Ҳозирда ушбу ҳолат ҳуқуқ-тартибот идоралари, мутасадди ташкилотлар томонидан назоратга олинган.  Бугун ҳам ушбу воқеа вилоят прокуратураси томонидан муҳокама қилинди. Жараён прокурорнинг шахсий назоратига олингани маълум қилинди. Аммо айбдорга чора қўлланилгани билан бир ожизанинг топталган номусини, ерпарчин бўлган осмон-осмон орзуларини, қалбидаги ярани ўрни битармикан?

Баъзан қишлоқдошларимизнинг “қиз бола ўқиб олим бўлармиди”, “ўқиб шаҳар олиб берармидинг, эринг боқади”  деган иддаоли гапларни эшитиб, уларга ўғил боладан кўра қиз болани ўқитиш жамиятга кўпроқ фойдали эканлигини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Аммо, бу каби ҳолатлар рўй бераверса, ким ўз синглиси, опаси ёки қизини ўқитиш тугул ишга қўйишни истайди?

Яқинда бир танишим “Турмушдан ажрашганман, битта қизим бор. Бекор ўтирмай ҳарна ёрдам деб яқинда тикувчилик цехига ишга кирдим. Аммо укам икки кундан сўнг мени десангиз, ишга чиқмайсиз деб, қатнашимга рухсат бермай қўйди.” дейди. Ахир аёлга ўз нафсини қондириш учун бир восита деб қарайдиганлар, қачон уйғонасиз? Орамизда унинг шаъни оиламиз, миллат, мамлакат шаъни эканини ҳис қилмайдиганлар қачонгача учрайди?

Ахир, аёл хўрланса, оилада носоғлом маънавий муҳит шаклланади, аёл хўрланса, нафратга тўлади, аламзадалик уни жиноятга етаклайди, аёл хўрланса, қадри топталса миллат генофонди бузилади, аёл илму маърифатдан узоқлашса, келажак авлод, фарзандлар тарбиясиз ўсади. Натижа эса барчамизга аён, бу - миллат, мамлакат тараққиётига болта уриши муқаррар. Ҳеч биримиз аёлни хўрлаш, уни оёқ ости қилиш, оғир ҳаётий вазиятларга тушириш ўз-ўзимизга хиёнат эканини унутмайлик.

 

Хонбуви ХАЙИТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Пастдарғом туман Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+