Аждодлар номи ва шарафи унга муносиб бўлганларга ярашади

28.04.2021 14:04:09

Шу кунларда ёзувчи Нурали Қобулнинг “Сукут суиқасди ёхуд Сталиндан Саддамгача” китобини мутолаа қилаяпман. Асар жонли тарзда тасвирлангани учун ҳам ҳар бир сатри мени ўзига тортаверади. Бугун ҳам эрталабдан  китобни қўлимга олдим-у, қизимни боғчасига қўйиб, ишхонамга ўтиб кетишни режалаштирдим. Автобусда узоқ йўл эканлиги учун охирги ўриндиққа бориб жойлашдим. Китобни олиб тўхтаб қолган жойимдан ўқишни давом эттирдим. Бир маҳал қизим “Ойижон, мана бу ҳайкал кимнинг ҳайкали?” деб саволга тутиб қолди. Китобдан бошимни бир кўтариб қарадим-у, “Темур бобонинг ҳайкали, қизим”, деб, яна китобга тикилдим. “Ойижон, нега Темур дейсиз, буюк Темур бобомиз десангиз бўлмайдими?” деганида бўғзимга нимадир тиқилгандек бўлди.

Чунки, шу китобда Гўри Амир мақбараси зиёратгоҳига келган талабаларга устози “Бу даргоҳни Гўри Амир деб аталиши нотўғри, ҳақоратомуз” эканлигини таъкидлаб, уни Буюк Амир Темур мақбараси деб аташ кераклигини қайд этади. 5 ёшли қизим шу жойда менга устозлик қилган эди.

Бир неча ҳафта илгари “Адолат” ижтимоий-сиёсий газетасида чоп этилган “Буюк Темурнинг буюклигини эътироф этайлик!” мавзусида чоп этилган мақола таъсирида қалбимда исён кўтарган туғён бугунги воқеадан сўнг яна бош кўтарди.

Тарихий маълумоталарга кўра, Амир Темур ҳақидаги биринчи китоб 1553-йили Флоренсия (Италия)да чоп этилган. Италян олими Перондино қаламига мансуб “Скифлик буюк Тамерлан” китоби босилиб чиқди. Бу Европада Амир Темур ҳақидаги илк илмий тадқиқот ҳисобланади.
Ўша даврларда Испан тарихчиси Перо Мексиканинг “Буюк Темур тарихи” деган асари ҳам чоп этилди. Инглиз драматурги Христофор Морлонинг “Буюк Темур” деган саҳна асари ҳам шу асрда яратилган.

Эътибор беринг-а, 1553 йилда ҳам улуғ бобоколонимиз ҳаёт фаолияти ҳақида бутун дунё тарихчилари изланишлар олиб борган, уни Буюк Темур деб аташган. Биз-чи? Шўролар тузуми даврида Амир Темур шахси ва фаолиятига адолатсизлик билан ёндашилиб, бир ёқлама баҳо бериб келинди. Амир Темур деганда кўз ўнгимизда шавқатсиз инсон гавдаланган. Албатта, мамалакатимиз истиқлолга эришганидан сўнг, бундай қарашларга барҳам берилди. Амир Темурнинг жаҳон ҳамжамиятига қўшган улуши муносиб ўрин топа бошлади. Хусусан, юртимизнинг кўплаб шаҳар ва қишлоқлардаги шоҳ кўчалар, майдонлар, мактаблар, кинотеатрлар ва бошқалар унинг номи билан аталадиган бўлди. Пойтахти азим Тошкентда, Самарқанд, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарларнинг марказий майдонларида Амир Темурга ҳайкал ўрнатилди. Тошкентдаги Амир Темур ҳиёбонида Темурийлар даври музейи барпо этилди (1996), “Амир Темур” ордени таъсис этилди (1996) ва Халқаро Амир Темур жамғармаси ташкил қилинди (1995). Тошкент, Самарқанд ва хорижий мамлакатларда ЮНЕСКО раҳбарлигида ҳазрат Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги кенг нишонланди (1996). Амир Темур ҳақида икки қисмдан иборат бадиий филм, спектакллар ва шеърий ҳамда насрий асарлар яратилди. Аммо, ҳали ҳуназ дунё Буюк Темур деб эътироф этаётган улуғ аждодимизнинг авлодлари, яъниким, бизлар Амир Темур, Соҳибқирон, Гўри Амир каби  сифатлар орқали ёд этамиз.

Тарихдан маълумки, Амир Темур мингта жанг ўтказиб биронтасида ҳам енгилмаган машҳури замон саркарда, ўз замонасининг қандай буюк жаҳонгири бўлса,  шундай давлат тузилиши ишларига, илм-фан, маърифат, маданият тараққиётига улкан ҳисса маданият ривожининг буюк йўлбошчиси ҳам эди. Эътиборли жиҳати, улуғ аждодимиз ўзининг бунёдкорлик илму-фан ва маъмурчилик ишларини нафақат она Ватани Туронда, балки ундан узоқ бўлган ўзга юртларда ҳам кенг олиб борган. Бузилган ва талофатга юз тутган Боғдод шаҳрини қайта тиклаш ва обод этиш, Қобул водийси ва Муғон шаҳрини қайта тиклаш ва обод этиш, Балх шаҳрини қайта тиклаш ва обод этиш, Қобул водийси ва Муғон чўлларига сув чиқариш, Озарбайжондаги Дарбанд қалъаси ва Бойлакон шаҳарларини қайта тиклаш, Озарбайжоннинг Арс дарёсидан чўлга канал қазиб сув чиқариш (узунлиги 60-70 км). Хитой чегараларида жойлашган узоқ Ампара шаҳри ва Бош Хумра қалъасини маъмур этиш каби улкан бунёдкорлик, таъмир ва ободончилик ишларини амалга оширган. Амир Темурнинг нигоҳи тушган, таъмир ва маъмурчиликка муҳтож бўлган ерлар хоҳ Туркистонда бўлсин, хоҳ ўзга юртларда улуғ аждодимизнинг ҳимматидан четда қолмаган.

“Шарқнинг энг буюк ҳукмдори” асари муаллифи Дундар Алп Амир Темур ҳақида шундай сўзларни келтирилган. “Давлатни бошқариш нуқтаи назаридан Темур буюк бир бошланғичдир, ҳикмати ҳукумат булоғидир. Жаҳон халқлари ўз қиролларини, хонлари ва подшоҳларини Тангри йўлидаги бир манзил ёки Оллоҳнинг ердаги сояси деб билган бир замонларда Темур ўзини бошқача тутган, инсонларни ўзига сажда эттиришга қодир бўлатуриб бу ишни қилмаган, фақат давлатни ўйлаган. Кейинги даврларда дунёда шаклланаётган миллий ҳокимиятни ўз даврида у кашф этган; тузуклари, сиёсий тутумлари билан улусига қонун ҳукмронлигини кўрсатмоққа интилган. Темур даҳосининг ёдгори бўлмиш қурултой (мажлиси маъбусон – депутатлар кенгаши) унинг қийматини, буюклигини кўрсатувчи бир тарихий ҳақиқатдир. Темурнинг кимлигини англамак учун биргина ўша шоҳ асарни – қурултойни билмак ҳам етарлидир”.  Улуғ бобомизнинг неча асрлар илгари битилган Темур тузуклари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмасдан, бошқарувда қўлланиб келинаётганининг ўзи унинг БУЮКлигидан далолат эмасми?

Ахир, Амир Темурнинг “Куч — адолатдадир” деган олий шиори бугун ҳам қудратли, ҳуқуқий демократик давлат қуриш учун асосий йўлланма бўлиб келмоқда-ку. Улуғ аждодимизнинг ҳуқуқий қарашлари ва амалий фаолияти ҳар доим адолат ва инсоф меъёрлари билан ҳамоҳанг бўлганлиги тарихдан маълум. “Адоват эмас, адолат енгади” деган пурмаъно сўзи ҳаётда ҳамон ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Нурали Қобулнинг “Темурийлар” эпопеясида келтирилишича, “Улуғ Темур дунёни аввал ақли, сўнгра қиличи орқали забт этди. Дунё халқлари тарихида Темур каби БУЮК шахсият йўқ. Агар унинг оти узангисини ушлаб турганимда ҳам ўзимни бахтиёр ҳис этардим” – дейди Мустафо Камол Отатурк.

Ёхуд, французлар султони Йилдирим Боязид устидан қозонилган ғалабадан сўнг йўллар ўтиб, Амир Темурнинг олтин бюстини ясайдилар ва Буюк Темурни Европа халоскори деб эълон қилади. Хўш, дунё тарихида шундай ўчмас из қолдирган Амир Темурнинг ўз Ватани олдидаги хизматларининг чегараси бормикан?

Биргина Самарқандни мисол қилиб келтирсак, Амир Темур даврида Самарқандда катта меъморчилик ишлари олиб борилган. Осмонўпар, бағоят гўзал минбару-миноралар, чиройли ва ораста, пешгоҳли гумбазларга эга бўлган мўъжаз шаҳар қад ростлади. Неча асрларки Шарқ дурдонаси дея таъриф этилаётган Самарқандимиздан ушбу кўркам бинолар, нақшинкор гумбазларни бир кўриш учун хорижий сайёҳларнинг қадами узилмайди. Сайёҳларни ўз гўзаллиги, беткарорлиги билан ром этиб, ҳайратда қолдиради. Улуғ аждодимиздан қолдирилган шу каби маданий ва маърифий мерослари мамлакатимизни дунёга танилишига, мавқейи юксалишига ҳисса қўшиб келмоқда. Аммо, ҳали ҳуназ дунё Буюк Темур деб эътироф этаётган улуғ аждодимизнинг авлодлари, яъниким, бизлар Амир Темур, Соҳибқирон, Гўри Амир каби  сифатлар орқали мурожаат қиламиз.

“Сукут Суиқасди ёхуд Сталиндан Саддамгача” асарида келтирилган ушбу парчага эътибор қаратайлик. “Менга  Самарқандда бўлмоқ насиб этди. Имом Бухорий ҳазратлари, буюк Амир Темур мақбарасини зиёрат қилдим. Регистон майдони ва Мирзо Улуғбек расадхонасини кўрдим. Аждодларимиздан қолган бу муҳташам обидаларнинг ҳар бир ғиштида, бу муқаддас ота юртимизнинг ҳар бир тошу тупроғидаги тарихий кўкимиз, теран илдизларимизни ҳис этдим. Ҳурматли, ректор қардошим!  Ёшларимизни ота юртларига бориб, бу шонли ва қутлуғ тарихдан баҳраманд бўлиб, бобо тупроқларини танимоқларига кўмак этинг”  Режеб Таййип Эрдуғон, Самарқанд сафаридан сўнг университет талабалари қаршисида сўзлаган нутқидан.

Азизлар ўйлаб кўрайлик, биз улуғ аждодимизнинг зиёрати учун бошқа мамлакатга боришимиз,  шонли ва қутлуғ тарихидан баҳраманд бўлиш учун илмий изланишлар ҳам шарт эмас, “Буюк Темурнинг буюклигини эътироф этайлик!” мақоласида кўтарилганидек Амир Темурнинг БУЮКлигини ўзимиз эътироф этишдан бошлайлик. Унинг буюклигини ҳар бир ёш, ҳар бир фуқаронинг онгига сингдирайлик. Ана шундагина, буюк аждодимизнинг  инсоният олдидаги хизматлари адолатли баҳоланган бўлади. Ана шундагина, ота-оналар фарзандлари олдида, хижолатомуз ҳолатга тушмайди.   

 

Лола САЙИДОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+