Ажрим сабаблари

27.05.2022 11:05:20

Инсон қадри ва ҳурмати кўтарилишга, инсоннинг бу дунёдаги ўрни ва обрўйини юксалтиришга қаратилган мақсадлар  ислоҳотлар даражасига олиб чиқилаётган бугунги кунда юртимизда оилаларнинг жипслиги, мустаҳкамлиги кун тартибимизда бўлиб, ёшларга оила қуриш, унинг масъулияти, фарзанд катта қилишнинг сир-синоати, янги қурилган оилаларнинг бахти эътиборда эканини чин дилдан ҳис этишимиз керак.

Агар икки ёш оила қурса ва уларнинг ҳали кўнгил яқинлиги, келин-куёвликнинг улуғ масъулияти юзага келмаган бўлса, уларга бир-бирини қандай ҳурмат қилишни, оилани мураккаб шароитларда ҳам сақлаб қолиш малакасини шакллантиришни уларга уқтириб боришимиз лозим. Оила сал нарсага дарз кетиши мумкин бўлган муҳитда намоён бўлади. Ёшлар ҳали рашк, оилавий муаммолар, иқтисодий муаммолар, элнинг назари нима эканини билмай тўй бўлишса, уларга бу нарсаларни англаши учун анча вақт керак бўлади. Оилани мўрт бўлиб қолмаслиги учун ёшлар мафкуравий жиҳатдан ҳам мукаммалликка интилиши зарур. Оила бегона кўзлардан сақлаб туриладиган макондир. Оиладаги ҳар бир гап, ҳар бир иш келишувга, ҳамфикрликка асосланиши керак бўлади.

Бу борада ёшлар оилани мустаҳкамлайдиган китоблар ўқиб туриши керак. Мақсад, фикр, ният, орзу, маслак бир бўлса, оилада эру хотиннинг кайфияти ҳам жойида бўлади. Кўпинча ажралишларга сабаб оилада қайнона, қайнота ёки амма, хола, қайинопаларнинг аралашишлари ҳам бўлади. Бу қариндошлар ўзлари билмаган ҳолда ёш келин-куёвнинг ўртасига тушиб қоладилар.

Ана шу каби ҳолатларни олдини олишда биз маҳалланинг кайвонилари, “Анзират буви”ларига муҳтожлигимиз сезилади. Яқинда “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан маҳаллалар кесимида ташкил этилган “Адолатли қайнона” кўрик танлови иштирокчиларини рағбатлантириш мақсадида ташки этилган тадбирда иштирок этдик. Тадбир давомида қайноналарнинг ўзлари тайёрлаб келган албомлари билан ҳам танишиб чиқдик. Амин бўлдимки, оила мустаҳкамлигини сақлашда қайноналарнинг роли жуда катта. Қайсидир қайнона келинини илмий ишини ёқлаб, фан доктори бўлаётганини айтиб мақтаса, яна қайсисидир келинининг тадбиркорлик фаолиятини бошлашида елкама-елка туриб ҳаракат қилаётганини гувоҳи бўлдик.

Ушбу “Адолатли  қайноналар”ни ҳар бир маҳаллада жорий этиб, уларнинг ибратли ҳаёт йўлларини, бой тажрибаларини оилалар мустаҳкамлигини сақлаш учун сафарбар этиш яхши натижалар беради деб ўйлайман. Шундай экан, ёшларга яхши йўл ўргатайлик. Уларнинг никоҳини мустаҳкамлашга ҳисса қўшайлик. Бу иш савобли иш ҳисобланади.

Мадина ВАҲОБОВА,

туман 1-сон ФҲДЁ мудираси,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+