Бағдоддаги «тартибсиз бозор» ёки ичимлик суви муаммоси ҳал бўлган қишлоқ...

03.10.2022 15:10:09

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниева иштирокида Бағдод тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Умиджон Йигиталиев ва тегишли туман раҳбарлари билан туман буюм ва деҳқон бозорини тартибга солиш юзасидан йиғилиш ўтказилди.

Одамлар ҳаётига хавф солувчи тирбандликни йўқотиш, тадбиркорларнинг рўйхатдан ўтиб эмин-эркин савдо қилишлари учун буюм бозорида шароит яратиш, бозор йўлларини қулайлаштириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Шунингдек, ноқонуний йўловчи ташувчи транспорт воситалари фаолиятини тартибга солиш, автотураргоҳ ҳудудини реконструкция қилиш лойиҳаси бўйича ҳам келишиб олинди.

Икки йилдан ошдики, Бағдод туманига Дашт қишлоғи орқали Учкўприк туманидан янги ариқ қазиш иши бўйича зарур чора-тадбирлар олиб борилмоқда. Маълумотларга кўра, ҳозирда туман ерларини суғоришда 17-18 км. масофадан келадиган оқим сувидан фойдаланилади ва берилаётган 10 минг кубометр сув ариққа сиғмасдан, йўқотишлар ҳисобига 5 минг кубометри етиб келади. Янги сув йўли эса 3 км.дан келади ва 10 минг кубометр сув олиш имконияти бор. Депутат томонидан масала бўйича Сув хўжалиги вазирлигига чиқилган. Ечими вилоят ҳокимлиги билан боғлиқ бўлиб турибди. Агар вилоят ҳокими томонидан мазкур масаланинг ижрога қаратилиши бўйича қарор чиқарилса, лойиҳалаштиришга рухсат берилса, фермерлар ўз кучлари билан янги сув йўлини қазиб келишга тайёр турибди.

Туман фермерлари билан учрашувимизда мазкур масала ҳолати, жараёни юзасидан ахборот бердим ва таклифларни тингладим, – дейди депутат. – Шунингдек, Бағдод туманидаги станцияда Андижон-Тошкент йўналиши бўйича поездлар тўхтаб ўтиши учун туман мутасаддилари, фаоллари, депутатлари билан биргаликда кўп ҳаракат қилдик. Ҳозирча республикамиз бўйлаб туристик поездлар бекатда тўхтаб ўтишига эришдик. Ҳар ҳолда 4 та туман аҳолисига қулайлик туғилди. Чиптахона йўқ эди, чиптахонага ҳам рухсат олинди ва қурилиши бошланди. Эндиликда Бағдод станциясини вокзал мақомига олиб чиқишга ҳаракат қиламиз.

Туманнинг «Муқимий» МФЙ Кумуштола маҳалласига Г.Саидғаниева ўтган йили ҳам келиб, муаммоларни ўрганган эди. Натижасини билиш мақсадида яна маҳаллада бўлди. Қувонарлиси, ичимлик суви муаммоси ҳал бўлган, кўча чироқлари ўрнатилган. Абонентлар юкламасининг кўплиги сабабли юзага келаётган электрдаги узилишларни олдини олиш мақсадида янги подстанция ўрнатилиш арафасида экан. Подстанцияни октябрь ойи ичида ўрнатиш бўйича туман электр корхонаси раҳбари билан келишилди.

Сартуз қишлоғидаги мактабгача таълим ташкилоти биноси орқасида, кўчада ўсган икки дарахт танаси касалланиб чириган, пўк бўлиб қолган. Одамлар ҳаёти ва боғча биноси учун хавфли. Уларни кесиш учун экология қўмитасининг рухсати керак. Ушбу масала юзасидан тегишли масъуллар билан гаплашилди. Масала ижобий ҳал бўлмоқда.

Сартуз қишлоғилик Шакархон Мирзаева автоҳалокатга учраб, уйда қолган ўғлига дори-дармон, турмушидан ажралган қизига уй-жой, 90 га кирган отахонга парвариш кераклигини билдириб, мурожаат қилди. Оиланинг моддий ва маънавий аҳволи оғирлигини қўшнилар ҳам тасдиқладилар. Уларнинг мурожаати тегишли раҳбарларга йўналтирилди.

Бағдод туманидаги Сартуз қишлоғи аҳолиси мурожаати илгари ҳам ОМҚП депутати томонидан ўрганилган. Бу ҳақда туман ҳокими билан ҳам суҳбатлашилган. Бироқ аҳолининг талаби ижобий ҳал бўлмай келмоқда. «Сартуз Дашт» МФЙга қарашли мазкур қишлоқ анча олисда жойлашган бўлиб, ажралиб қолган. Депутат ҳокимият вакиллари, туман депутати, МФЙ раиси, депутат ёрдамчиси, «Адолат» СДП туман кенгаши раиси иштирокида аҳоли билан суҳбатлашди. Улар «Ултарма» МФЙ таркибидаги Қўрғонча қишлоғи билан бирга алоҳида МФЙ ташкил этиб беришни, муаммоларга эътибор қаратишни сўрадилар. Мурожаат депутат назоратига олиниб, масъулларга зарур тавсиялар берилди.

«Адолат» СДП Фарғона вилоят Кенгаши

Матбуот хизмати.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+