Бағрикенглик – азалий қадрият

05.06.2021 16:06:53

Бугунги кунда глобаллашув жараёнлари шиддат билан кечаётган бир пайтда турли маданият ва динларга мансуб халқлар ўртасидаги мулоқот ва ҳамкорлик, ўзаро бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш долзарб аҳамият касб этмоқда. Ўз навбатида она Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, шу осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшиб, эл-юрт тақдири, келажаги учун дахлдорлик туйғусини дилига жо қилиб яшаши ҳозирги кундаги долзарб масалалардан бирига айланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида жаҳон ҳамжамияти олдида турган долзарб масалаларга тўхталиб, жумладан, “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш бўйича таклифларини илгари сурган эдилар.

2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси 73-сессияси 51-йиғилишида “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси 193 та аъзо мамлакатлар томонидан якдиллик билан қабул қилинди.

“Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясининг айнан Ўзбекистон ташаббуси билан ишлаб чиқилишида ўзига хос рамзий маъно бор. Бугун миллатлараро тотувлик ва конфессиялараро бағрикенгликни таъминлаш борасида Ўзбекистон намунаси жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилмоқда.

Ўзбекистондаги динлараро бағрикенглик ва миллатлараро ҳамжиҳатлик ўзининг чуқур тарихий илдизларига эга. Юртимиз ҳудуди минг йиллар давомида Буюк Ипак йўлининг муҳим қисми бўлиб келган. Бу ерда савдо-сотиқ, илм-фан, маданият марказлари вужудга келган. Уларнинг ривожланишида халқимизга хос бағрикенглик, меҳмондўстлик, ўзга маданият вакилларига ҳурмат туйғулари асосий омиллардан бўлган.

Марказий  Осиё минтақасида, хусусан, Ўзбекистон азалдан турли урф-одат, маданият, тил, турмуш тарзига эга бўлган, хилма-хил динларга эътиқод қилувчи бир-бирига ўхшаш бўлмаган бир неча халқлар яшаган ўлкадир. Ўзбекистоннинг жўғрофий нуқтаи назардан муҳим савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани, кўплаб давлатлар билан иқтисодий, маданий алоқалар қилгани ерли халқнинг диний ва маданий ҳаётига катта таъсир кўрсатган.         Айнан шу омиллар халқимизнинг нафақат маънавий-маърифий, балки  бағрикенглигининг маънавий асосини ташкил қилади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон заминида қадим замондан ислом билан бошқа динлар, маданиятлар ёнма-ён яшаб, ривожланиб ва бу жамиятнинг маънавий юксалишига муайян ҳисса қўшди.

“Асрлар давомида йирик шаҳарларимизда масжид, черков ва синагогаларнинг мавжуд бўлиши, турли миллат ва динга мансуб қавмларнинг ўз диний амалларини эркин адо этиб келаётгани бунинг тасдиғидир. Тарихимизнинг энг мураккаб, оғир даврларида ҳам улар ўртасида диний асосда можаролар бўлмагани халқимизнинг диний бағрикенглик борасида катта тажриба тўплаганидан далолат беради”[1].

Халқимизга азалдан хос хислат – бағрикенглик бир зумда пайдо бўлган эмас, у биз учун анъанавийдир. Мамлакатимизда фаолият юритган динлар тарихига қисқача назар ташласак, ҳозирги Ўзбекистон ҳудуди инсонларда илк диний тасаввурлар ва ақидалар пайдо бўлган энг қадимги ўлкалардан бири эканига гувоҳ бўламиз. Тош асрининг ўрталарида аждодларимиз орасида турли ҳайвонлар ва Қуёшга топиниш, кейинроқ фетишизм, анимизм, афсунгарлик (магия)  тарқалган.

Зардуштийлик заминида Марказий Осиё шароитидаги ҳаёт тарзи  ўтроқ деҳқончилик ва кўчманчи чорвадорлик ўртасидаги зиддиятлар ётади. У кейинчалик монотеистик ғоялар ривожига  катта ҳисса қўшган.  Биринчидан, у кўпхудоликка (политеизм) қарама-қарши яккахудолик (монотеизм) яъни, диний эътиқоднинг юқори босқичига қадам қўйган эди. Иккинчидан, илгари одамлар худолар қаҳридан, уларнинг даҳшатли вайрон қилувчи қудратлари олдида ожиз, қўрқув даҳшати остида сиғинишган бўлса, зардуштийлик кишиларга меҳр-шафқат билан тўлган, яхшилик томон ундовчи, уларнинг ўлимидан кейин мангу фаровон ҳаёт билан таъминлай оладиган тангрига ибодат қилишга чорлаган.

Ўз навбатида халқимизнинг ўша қадим даврлардаги меҳр-оқибат, одоб-ахлоқ, бағрикенглик каби умуминсоний қадриятларини зардуштийлик дини манбаси – “Авесто” битикларида ҳам кўриш мумкин.

Буддавийликнинг Ҳиндистондан Марказий Осиёга кириб келишини одатда кушонларнинг ҳукмронлиги билан боғлайдилар. Император Канишка (I асрнинг охири – II асрнинг бошлари) даврида Кушон подшоҳлиги ушбу диннинг марказларидан бирига айланган. Жумладан, Канишка зарб қилдирган тангаларда бошқа илоҳиятлар билан бир қаторда Будда тасвири ҳам учрайди. Хитойлик Сюань-Цзянь берган хабарга кўра, VII асрнинг бошларида Термизда 10 та буддавийлик хонақоҳи (сангарама) ва мингта роҳиб фаолият олиб борган.

XX асрнинг бошларида Амударёнинг ўнг қирғоғида буддавийликка мансуб кўплаб қимматбаҳо металлар – олтин ёки кумушдан ясалган кўп сонли тангалар, ҳайкалтарошликка оид майда тасвирлар ва бошқа ёдгорликлар топилган.

Халқимизда бағрикенглик ва муросанинг илдизлари узоқ асрларга бориб тақалади. Мамлакатимиз ҳудудида фаолият кўрсатган турли динлар маданияти бўйича изланишлар олиб борган япон олими Като фикрига кўра, Сурхондарё воҳасида аниқлаган ноёб Будда маданияти ёдгорликлари, яҳудий ёдгорликлари, Бухорода насронийларнинг зиёратгоҳлари юртимиздаги ислом обидалари билан бир қаторда туриши ҳеч кимни ажаблантирмайди.

Жаҳондаги динларнинг барчаси эзгулик ғояларига асосланади ва яхшилик, тинчлик, дўстлик каби хусусиятларга таянади. Дин одамларни ҳалоллик ва поклик, меҳр-шафқат, биродарлик ва бағрикенгликка даъват этади. Аксарият динлар бу дунёни фоний, ўткинчи деб ҳисоблайдилар. Улар инсоннинг яшашдан асл мақсади – бу дунёда хайрли, савоб ишлар қилиб, боқий дунё синовларига тайёргарлик кўриш деган ғояни тарғиб этади. Барча динларда инсон ҳаётининг моҳияти, мазмуни, кишилар ўртасидаги сиёсий-ҳуқуқий, аҳлоқий муносабатларни тенглик ва адолат мезонлари асосида ўрнатиш ўз аксини топган.

Мамлакатимизда яҳудийлик дини вакилларининг истиқомат қилиши халқимизга хос ўзбекона бағрикенглик, этник, маданий ва диний сабр-бардошлиликнинг яна бир юксак намунаси бўлса, ажаб эмас. Хусусан, яҳудийлар жамоасининг вакилларидан бири Р.Бенсман шу ҳақда тўхталар экан, Бухорода дастлабки синагога VIII асрдаёқ қурилгани, бошқа дин вакиллари билан бир қаторда ўз динларига эркин эътиқод қилиш учун ўша пайтда ҳам шароит яратиб берилганини таъкидлаб “Ўрта аср Европаси ва Византия империясида қувғин қилинган яҳудийлик Марказий Осиёда бошқа динлар билан бир хил ҳуқуққа эга эди”[2], – деб ёзади.

Шунингдек, бу ўринда Архиепископ Владимирнинг ҳам фикрларини ўринлидир: “XIX асрда Россиянинг марказий минтақаларидан мажбурлаб кўчирилган крестьянлар ночор аҳволга тушиб қолганда маҳаллий аҳоли уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатган. Ўша давр воқеаларини кўрган иеромонах Харитон “маҳаллий аҳоли ночор кўчманчиларга раҳмдиллик билан муносабатда бўлдилар, бусиз уларнинг кўпчилиги очлик ва муҳтожликдан ўлиб кетган бўлар эдилар”, – деб гувоҳлик берган”[3].

Туркистон ерларига кириб келган Рус православ руҳонийлари асосий эътиборни миссионерлик фаолиятига эмас, балки ўз жамоаларининг диний эҳтиёжларини қондиришга қаратганлар. Православлар черков қурганларида маҳаллий  мусулмон аҳоли ҳам ёрдам кўрсатгани маълум. Масалан, Чирчиқ шаҳридаги  “Муқаддас Георгий” ибодатхонаси қурилишига маҳаллий имом ва савдогарлар моддий эҳсон қилганлар. Бу ҳолат ушбу динлар вакиллари орасидаги ўзаро ҳурмат ўша даврлардан шаклланганига далил бўла олади.

Тарихий манбаларда Ўзбекистонда  диний ва этник  муносабатлар асосида бирор марта ҳам низо чиқмагани қайд қилинган. Бундай ҳолатни ҳозирда ислом, христиан, яҳудий динлари ва бошқа конфессияларнинг ўзаро муносабатлари мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу каби дўстона муносабатлар, яъни мусулмонлар ва христианларнинг Ўзбекистон заминида биргаликда ҳамнафас бўлиб яшаши диний-маънавий тотувликнинг  тимсоли ва барча дин вакилларига нисбатан бағрикенгликнинг энг яхши намунаси деб айтишимиз мумкин.

Абу Райҳон Беруний ўзининг “Ҳиндистон” асарида “Бирон халқнинг у ёки бу удумларига баҳо беришда буниси менга ёқади, униси ёқмайди, дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Негаки, ҳар бир халқ удумлари, анъаналари минг йиллар давомида шаклланган ва ўша миллатнинг ҳаёт тарзига айланган”, – деб ёзган эди.

Буюк аждодимизнинг ушбу сўзлари инсониятнинг бир бутунлиги ва тараққиётини белгилаб берувчи омиллардан бири – маданий турли-туманликка муносабатнинг ўзига хос шакли бўлиб, бағрикенглик ва миллатлараро тотувликнинг моҳиятини англашда муҳим аҳамиятга эга.

Умуман олганда, минг йиллар давомида турли туман дин, маданият ва турмуш тарзига эга бўлган халқларнинг биргаликда яшаши ҳамкорлиги маркази бўлган Ўзбекистон буни инкор этиб бўлмайдиган тасдиғидир. Қадим замонлардан бу ерда мусулмончилик, насроний, яҳудий, буддавий ва бошқа кўҳна дин вакиллари нафақат бирга яшаган, балки бир-бирини тўлдирган, бойитган.

Ўзбекистон кўп миллатли давлат бўлиб, 136 миллат ва элат вакиллари истиқомат қилмоқда. Улар нафақат турли тилларда сўзлашади, балки турли динларга эътиқод қиладилар. Ҳозирда республикада турли миллат ва элат  вакилларининг диний урф-одатлар, анъаналар ва қадриятларни сақлаб қолиш ҳамда бағрикенглик тамойилларини таъминлаш учун етарли шарт-шароитлар яратилган. Муҳими, бағрикенглик халқимизнинг азалий қадриятига айлангани  бутун  жаҳонда эътироф этилмоқда.

 

Неъматулло МУҲАММЕДОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси

“Ислом тарихи ва манбашунослиги-IRCICA

кафедраси мудири,

тарих фанлари доктори, доцент,

Халқ депутатлари Шайхонтохур туман Кенгаши депутати

 

[1] Миллий истиқлол ғояси: асосий тушунча ва тамойиллар. - Т.: Ўзбекистон, 2000. -Б. 61.

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+