Байрам муносабати билан онахонлар ҳолидан хабар олинди

09.03.2021 15:03:40

Бугунги кунда мамлакатимизда ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган эҳтиёжманд оилаларга ёрдам кўрсатиш, уларнинг ўз имкониятларини рўёбга чиқаришларини таъминлаш мақсадида мамлакатимизда муайян ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларнинг ҳолидан хабар олиш, уларга моддий ва маънавий кўмак кўрсатиш бугун олдимизда турган долзарб вазифалардан бирига айланган.

Айниқса, муҳтарама оналар, хотин-қизларнинг саломатлиги, уларнинг  бахтли яшашини таъминлаш барча ислоҳотларнинг асосий мақсади ва мезонидир. Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Фориш туман Кенгаши ҳам ижтимоий адолат принципларига асосланган ҳолда мамлакатимизда ижтимоий муҳофазага муҳтож қатлам вакилларига эътибор қаратиш, уларга зарурий масалаларда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш орқали ўз фаолиятининг ижтимоий йўналтирилганлигини кўрсатиб бормоқда.

Хусусан, 8-март “Халқаро хотин-қизлар куни” муносабати билан депутатлар ва ҳомийларни жалб қилган ҳолда “Аёл борки – олам мунаввар” шиори остида тумандаги нуроний онахонлар ҳолидан хабар олинди. Мазкур тадбирда ўндан ортиқ хонадонларга ташриф буюрилиб, онахонларга турли хил рўзғор буюмлари ва озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат байрам совғалари топширилди.

-Хотин-қизларимизнинг мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан шу билан биргаликда ҳаётдан рози бўлиб юришлари ҳамда уларнинг бахту саодати учун доимо сидқидилдан хизмат қилишга тайёрмиз, – дейди партиянинг Фориш туман Кенгаши раиси Умида Бўронова. – Истаймизки, мана шундай қувончли кунларимиз кўп бўлсин. Ҳаётимиз қувончи, хонадонларимиз кўрки бўлмиш азиз аёлларимиз шаънига энг гўзал тилакларимизни изҳор этамиз.

Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, сиз-у биз яшаб турган жамиятда инсон шаъни ва манфаати ҳар нарсадан устун. Асосий мақсад ва вазифа аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, инсонларга беғараз ёрдам кўрсатишдан иборатдир.

        

Маҳмуд ХОЛБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

етакчи мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+