Байроғимиз – ғурур, ифтихоримиз

17.11.2021 20:11:05

Киндик қонимиз томган муқаддас тупроқ, боболаримиз асраган она замин, оналаримиз алла айтиб бешик тебратган уй, сўнгра биз қадам ташлаган боғча, мактаб — мана шуларнинг ҳаммаси жам бўлиб, Ватан деган тушунчани ифода этади.

Яратганнинг инсон қалбига ато этган энг муқаддас туйғуси – бу Ватан туйғуси. Унинг қадр-қимматини теран идрок этиш ва гуллаб-яшнаши учун хизмат қилиш, асраб-авайлаш Ватанга бўлган муҳаббат туйғуси орқали амалга ошади.

Ватанимиз рамзлари эса унга бўлган меҳр-муҳаббатимизни янада оширади. Давлат рамзлари мамлакат тимсоли сифатида ҳамиша қадрли.

Бугун Тошкент шаҳри маркази ҳамда ҳар бир ҳудудда савлат тўкиб, баландларда ҳилпираб турган Ўзбекистон байроғи ҳар бир юртдошимиз учун фахр-ифтихор ва эзгулик рамзидир. 

Ёшларимиз қалбига Ватан қадрини, истиқлолни асраб-авайлаш, унинг қадр-қимматига етиш туйғуларини чуқурроқ сингдиришга, бу ёруғ оламда она битта, Ватан ягона эканлигини теран англаб етишига хизмат қилаётган байроғимиз улуғворлик ва буюк келажак рамзи эканлиги билан аҳамиятлидир.

Ҳар сафар давлатимиз раҳбарининг чет давлатларга бўлган ташрифи, спортчиларимиз эришаётган ютуқлар, умумхалқ байрамлари, тантанали маросимлар, спорт мусобақаларида байроғимизнинг баланд ҳилпирашини кўриб, қалбим тўлқинланиб, мамнун бўламан.

Биз бугун пок эзгу-ниятлар билан қадам қўяётган, Янги Ўзбекистонимизнинг ёруғ келажаги йўлида эзгу ғояларга қанот бўлаётган миллатимиз шаъни, қадр-қиммати тимсоли, давлатимиз суверенитетининг асосий белгиларидан бири саналган байроғимиз тинчлик ва омонликда доимо баландларда ҳилпирайверсин.

Рауаж Отарбаев,

“Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси ўринбосари

ЎзА

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+