Барча инсонлар ўзларининг қадр -қиммати ва ҳақ-ҳуқуқлари бўйича эркин ва тенг туғилади

30.11.2022 11:11:09

Мамлакатимизнинг 49 фоизини хотин-қизлар, уларнинг қарийб 64 фоизини 30 ёшгача бўлган хотин-қизлар ташкил этар экан, албатта бу йўналишда алоҳида давлат сиёсати олиб боришни тақозо этади.

БМТнинг 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан йиллар давомида бир неча давлатларда «16 кун зўравонликсиз!» деб номланган акция ўтказилмоқда.

Бизнинг юртимизда икки йил олдин мазкур акция ўзига катта эътибор қаратмас эди. Чунки, оилавий келишмовчиликлар, аёлларга нисбатан зўравонлик – нозик мавзулар ҳисобланиб, ҳамма ҳам уйда нима содир бўлаётганини айта олмасди. Бунинг асосий сабаби ҳеч ким уйдаги гапни кўчага чиқишини хоҳламайди.

Ҳозирда эса ушбу долзарб муаммога катта эътибор қаратилмоқда. Бунга мисол тариқасида шуни айтиш жоизки, Ўзбекистонда «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун кучга кириб жадал суратларда ишлай бошлади, қийин аҳволда қолган хотин-қизларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари очилди.

Ҳар бир халқнинг маънавий тараққиёти унинг аёлга бўлган муносабати билан белгиланади деган эди немис олими Вилгелм фон Гумболдт.

Биласизми, аёлларга нисбатан зўравонлик бу «жинс белгисига асосланган жисмоний, жинсий ёки психологик зарарга олиб келадиган ёки аёлларга азият етказадиган, шунингдек, бундай ҳаракатларнинг таҳдидлари жамият ёки шахсий ҳаётда бўлсин, мажбурлаш ёки аёлларга нисбатан зўравонлик – инсон ҳуқуқларининг энг кенг тарқалган бузилишларидан биридир.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда ҳам кейинги вақтларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, уларга янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, оғир ижтимоий аҳволда қолган оилавий муаммолар ва турмушида турли хил зўравонликка дуч келган хотин-қизларни руҳий қўллаб-қувватлаш ва уларга мотивация бериш, зўравонликка қарши тарғибот ишларига кенг эътибор қаратилмоқда.

Бу борада жамоатчилик эътиборини ушбу масалага жалб этиш мақсадида турли тадбирлар амалга оширилиб, ҳар бир шахсни зўравонликка бефарқ бўлмаслик, бу ҳақида сукут сақламаслик, аёллар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни тарғиб қилиш турли конференция, давра суҳбатлари, семинар-тренинглар, плакатлар ва расмлар кўрик-танловлари, бадиий чиқишлар, учрашувлар тизимли йўлга қўйилди.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрганлар билан ишларни такомиллаштириш мақсадида, 2021 йил 19 майдаги Президент қарорига асосан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида 29 та Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш бўйича маркази ташкил этилди. Ушбу марказларнинг асосий вазифаларидан бири тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатишдан иборат.

Марказда зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари ҳамда ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизлар вақтинча жойлаштирилади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш тизимини такомиллаштириш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, уларни касбга ўқитиш ва бандлигини таъминлаш, оғир турмуш шароитидаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ҳамда гендер тенгликни таъминлаш долзарб вазифалар ҳисобланади.

Оила ва хотин-қизлар, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги давлат бошқаруви органлари қайта ташкил этилганлиги муносабати билан қонунчилик ҳужжатларини мувофиқлаштириш мақсадида 2022 йилнинг 1 мартида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида«ги ҳамда жорий йилнинг 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармонлари, шунингдек, 2022 йил 1 мартдаги “Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида«ги ва 2022 йил 1 мартдаги “Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” Қарорлари қабул қилинди.

Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги «Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони билан миллий ҳамда маънавий қадриятларимиз асосида ушбу соҳада йиллар давомида тўпланиб қолган, эътибордан четда қолиб келган муаммолар ечими юзасидан тегишли давлат органлари ҳамда жамоат ташкилотлари олдига энг муҳим ва долзарб вазифалар қўйилди. Мазкур Фармонга биноан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази оила институти соҳасида ягона давлат сиёсатини юритувчи тизим сифатида ташкил этилди. Марказнинг асосий вазифаси давлат ва жамоат ташкилотлари, парламент, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини Ўзбекистон оилаларини мустаҳкамлаш ғояси атрофида бирлаштириш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштириб бориш, мамлакатда фақат соғлом оила — соғлом жамият устуни бўла олишини аҳоли онгига сингдириш, илмий-инновацион тадқиқотларни амалга ошириш орқали оила институтини мустаҳкамлаш этиб белгилангани мамлакатимизда бу борада мутлақо янги босқичдаги саъй-ҳаракатлар бошланганидан далолат беради.

Бой илмий-маданий меросимиз, қадимий урф-одат ҳамда анъаналаримиздан аёнки, ҳар қандай замон ва маконда ҳам оила биз учун муқаддас қадрият саналган. Бинобарин, тарбиявий, маънавий-маърифий, руҳий-ахлоқий, иқтисодий-ҳуқуқий муносабатларга асосланган ижтимоий бирлик ҳисобланмиш оила қанчалик мустаҳкам бўлса, жамият ҳам шунчалик барқарор тараққий этишини аждодларимиз жуда яхши англашган.

Бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув даврига келиб ҳам Ўзбекистон ўз истиқболи ва келажагини оилани ривожлантириш, уни эъзозлашда, деб билаётгани юқоридаги анъанавий қадриятларимизни янада бойитган ҳолда замонавий, намунали ва фаровон оилани барпо этиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганида ҳам яққол намоён бўлмоқда.

Ўз навбатида, умуминсоний ва миллий оилавий қадриятларни таҳлил қилиш асосида замонавий, намунали оила мезонларини белгилаш ҳамда «Оила жамият ва давлат ҳимоясида» конституциявий принципини кенг тарғиб этиш ва жамиятга сингдириш масалаларига комплекс ёндашиш фаолиятимизда устувор аҳамият касб этмоқда.

Бугун оила аталмиш муқаддас даргоҳ остонасидан хатлаётган кўпчилик ёшларимиз афсуски, мустақил ҳаётга на иқтисодий, на маънавий, на ҳуқуқий, на руҳий ва на диний-маърифий томондан тайёр.

Олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиздаги аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ рўёбга чиқариш, улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш, оилавий муносабатлар мувозанатини таъминлаш, оила фаровонлигини ошириш, мухтасар айтганда, оила институтини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган ҳолда давлатимизнинг изчил ва барқарор тараққиётига эришишдир.

Ниятимиз, ҳар бир аёл маънавий соғлом, бахтли ва хотиржам ҳаёт кечирсин. Оила бағрида улғаяётган фарзандлар комил инсон сифатида вояга етиб, давлатимизнинг кучига куч, қудратига қудрат қўшаверсин. Зеро, аёлларимиз жамиятнинг асосий бўғини экан, унинг фаровонлиги давлатимиз ва жамиятимиз равнақига хизмат қилиши шубҳасиздир.

Гулнафис ХУДАЙБЕРДИЕВА,

Навоий вилоят суди судьяси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+