Барча турдаги коррупция ҳолатлари бартараф этилади

09.07.2021 10:07:20

Коррупция - инсонларнинг ижтимоий адолатга, давлат органларига нисбатан ишончни сусайтирадиган, давлатнинг иқтисодий ўсишига салбий таъсир кўрсатадиган, шу билан биргаликда жамиятдаги маънавий муҳитни бузилишига сабаб бўладиган салбий иллатдир.

Шу боис, сўнгги йилларда юртимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Қолаверса, давлат органлари ва ташкилотлари зиммасидаги вазифаларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид ҳаракатларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ва давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бир қаторда, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини тубдан ошириш бўйича белгиланган вазифалар коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратишни тақозо этмоқда. Ушбу ишларга барча давлат ташкилотлари ва нодавлат секторнинг бошқа вакилларини ҳам кенг жалб этиш зарурати туғилмоқда.

Шуни инобатга олган ҳолда, куни кеча давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Коррупцияга қарши курашиш фаолиятни самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”га Қарори имзоланди.

Мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлаш, шунингдек, коррупцияга оид хавф-хатарлар юқори бўлган соҳалар ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида имзоланган мазкур Фармонда 2021-2022 йилларга мўлжалланган Коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури тасдиқланди. Қолаверса Фармонга кўра барча давлат органларида коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилиши, “Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида”ги Қонун ишлаб чиқилиши, “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри” юритилиши, “Коррупциявий хавфларни баҳолаш электрон тизими” ишга туширилиши, ҳар йил якуни бўйича барча давлат органларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳоловчи рейтинг эълон қилиниши белгиланди.

Юртбошимиз томонидан имзоланган мазкур Фармон ва Қарор барча давлат органлари ҳамда ташкилотлари раҳбарлари ва ходимларига улкан масъулият юклайди. Шу билан биргаликда уларнинг зиммасига юклатилган хизмат ва вазифаларни сидқидилдан бажаришга, ижро интизомини мусаҳкамлаш, коррупция ва таъмагирликка қарши кураш борасида аниқ мақсадга йўналтирилган қатъий чоралар кўришга ундайди.

 

Ориф ШУКУРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+