Кўнгилли донорлар сафи кенгаймоқда

01.12.2023 16:12:18

     Халқимизга яхши маълумки, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўзининг халқчил, ҳаётий долзарб бўлган ғоя ва ташаббуслари орқали аҳолининг оғирини енгил мушкулини осон бўлиши билан сайловчилар ишончига сазовор бўлиб келмоқда.
     Партиянинг ана шундай ташаббусларидан бири 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун арафасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган “Бор меҳримиз сенга, болажон” шиори остидаги беғараз донорлик акциясидир.


     Ушбу акцияси бу йил ҳам “Адолат” СДП Навоий вилоят Кенгаши ташаббуси билан Навоий вилоят қон қуйиш станциясида кўнгилли донорлар билан гавжум руҳда бўлиб ўтди.
     Беғараз донорлик акциясини ўтказишдан кўзланган асосий мақсад тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож фуқароларни қўллаб-қувватлаш, инсонларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали беморларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилган.


     Энг асосийси, бу йилги акцияда партиянинг барча ходимлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари ташқари ҳар йилгидан кўра кўпроқ вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасалар, ҳуқуқ тартибот органлари вакиллари иштирок этишди. Жумладан, Ўзбекистон Мудофаа ишлари бошқармасига қарашли 7532-сонли ҳарбий қисм вакиллари, ички ишлар ва миллий гвардия бошқармалари ҳамда уларнинг қуйи бўғинларидаги ходимлари айниқса катта жонбозлик кўрсатишди. Шунингдек, 10 минг кишилик меҳнат жамоасига эга бўлган юртимиздаги энг йирик ишлаб чиқариш корхоналаридан ҳисобланган “Навоийазот” ОАЖнинг ҳам кўп сонли ишчилари кўнгилли равишда акцияда фаол иштирок этишди.


     Президентимизнинг 2022 йил 9 августдаги «Республикада қон билан ишлаш хизмати муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш ва аҳоли орасида беғараз донорлик ҳаракатини ривожлантириш чоралари тўғрисида»ги Қарори асосида донорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш бўйича тизим яратилди.


     Қарорга асосан, 2023 йил 1 январдан бошлаб, «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бирйўла бериладиган пул мукофоти суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн беш бараваригача оширилди. «Ўзбекистон Республикаси фахрий донори» кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга қуйидаги ҳуқуқлар ҳам берилмоқда. Жумладан, улар учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш, шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан бепул фойдаланиш, давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш ва бошқа шу каби тизимли ислоҳотларнинг олиб борилиши ўта муҳим аҳамиятга эга бўлди.


     Анъанавий тарзда ҳар йили икки маротаба ўтаётган донорлик акцияси аҳоли орасида беғараз донорлик маданиятини шакллантириш, донорлик ҳаракатини кенг жамоатчилик иштирокида ривожлантиришга хизмат қилмоқда.
     Аҳамиятлиси, бу йилги акцияда партиянинг Навоий вилоят Кенгаши раиси Рустам Хайитов бошчилигидаги партиянинг вилоят, туман Кенгашлари раислари ва ходимлари ҳам алоҳида фаоллик кўрсатишди. Хусусан, партия вилоят Кенгашининг бош мутахассис Фозил Баҳронов, партия Кармана туман Кенгаши раиси Обид Шодиевлар беғараз қон топширишди.


- Мен 15 йилдан буён донорман. Қон топширганда инсон организмидаги қон эркин ҳаракатланишига ёрдам беради, бу ҳолат йўлдаги транспорт қатновига ўхшайди, йўлда транспорт кам бўлган вақтда машина қандай эркин ҳаракатланса, одам организмидаги қон ҳам шундай эркин ҳаракатланишига ёрдам беради. Шу билан бирга инсоннинг бутун организмига фойдали таъсирга эга, - дейди партия Кармана туман Кенгаши раиси Обид Шодиев.

«Адолат» СДП
Навоий вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+