Белбоғли кураш бўйича йилнинг энг яхши намоёндалари тақдирланди

13.01.2022 15:01:49

Бугун 13 январ куни Ўзбекистон "Адолат" СДП мажлислар залида Ўзбекистон Белбоғли кураш федерациясининг 2021 йил якунларига бағишланган тантанали йиғилиши бўлиб ўтди. Унда "Адолат" СДП сиёсий кенгаши раҳбарияти, партиянинг Тошкент вилояти кенгаши фаоллари, Жаҳон Белбоғли Кураш Ассоциацияси ва Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси вакиллари, спортчилар, мураббий ва мутахассислар ҳамда ОАВлари иштирок этдилар.

Тадбир аввалида,  Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Дастиров Равшан Худайберганович ўз кириш сўзида, ўтган 2021 йил белбоғли кураш спорти учун юксак натижалар ва муваффақиятларга бой йил бўлганлигини эътироф этди. Спортчиларимиз республика ва жаҳон миқёсида ўтказилган мусобақаларда шохсупанинг юқори поғоналаридан ўрин эгаллаб, мамлакатимиз спорт заҳирасига медаллар шодасини тақдим этиб, юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилганликларини мамнуният билан қайд этди.

Ўзбекистон "Адолат" СДП сиёсий кенгаши раиси  ўринбосари Раҳмонов Абдукамол Шодиевич бугунги тадбир қаҳрамонларини самимий муборакбод этиб, келгуси нуфузли мусобақаларда уларга фақат ғалаба ва улкан зафарлар тилади.

- Спорт инсон танасини соғломлаштиради, руҳиятини тарбиялайди. Қадимий миллий спорт тури – белбоғли кураш чуқур маънавий ва тарбиявий жиҳатлари билан бу борада юксак аҳамиятга эга – деди Абдукамол Шодиевич. - Маҳоратли ва интилувчан спортчиларни ёшларимизга ҳар қанча ўрнак қилсак арзийди.   

Тадбирда шунингдек, Жаҳон Белбоғли Кураш Ассоциацияси президенти Ганиев Азиз Абдухалилович, Осиё Белбоғли кураш конфедерацияси президенти Муратов Мўмин Манапович ва "Адолат" СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Мамиров Бобур Амирқулович ўз табрик сўзларини билдирдилар.

 

2021 йил якунлари бўйича спортчи, мураббий ва мутахассисларни Номинациялар бўйича Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси томонидан тақдирлаш маросимини Жаҳон Белбоғли Кураш Ассоциацияси президенти А.Ганиев, Ўзбекистон Белбоғли кураш федерацияси раиси Р.Дастиров, Осиё Белбоғли кураш конфедерацияси президенти М.Муратов, "Адолат" СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Б.Мамиров ўтказдилар.

Унга кўра, “Йилнинг энг яхши спортчиси” – Султонбоев Нусратбек  (Икки карра Жаҳон чемпиони, МДХ ўйинлари ғолиби), “Йилнинг энг яхши спортчиси” (аёл) – Маҳмудова Мафтунабону (Ўзбекистон чемпиони,  МДҲ ўйинлари ғолиби, Катталар ўртасида Жаҳон чемпиони, Ёшлар ўртасида Жаҳон чемпиони), “Энг яхши аёл мураббийи” – Бурхонова Мафтуна, “Йил мураббийи” – Махаматов Усмон ва Бозаров Жамолиддин, “Энг яхши ҳакам”  – Тўйчиев Неъматулла, “Энг яхши аёл ҳакам” – Эргашева Нигора  “Энг яхши федерацияси” – Фарғона ва  Андижон вилояти белбоғли кураш федерацияси, Йилнинг “Энг яхши жамоаси” – Қорақалпоғистон Республикаси белбоғли кураш Федерацияси, “Энг яхши мусобақа ташкилотчиси” – Бухоро вилояти белбоғли кураш федерацияси,  “Ўзбекистонда белбоғли курашни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” – Тўраев Рустамжон ҳамда  Тўрахонов Рустамбек, “Энг яхши Фахрий спортчиси ” – Шокиржонов Азамжон, “Энг яхши мусобақалар ташкилотчиси” – Яхшибоев Тошкентбой,  “Йилнинг энг фаол спорт журналисти” номинацияси ғолиби – Раҳмонов Илҳом  ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

“Адолат” СДП Тошкент вилояти

Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+