Беморларга озиқ-овқат тарқатилди

23.07.2021 17:07:39

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши депутатларининг қишлоқ ва маҳаллаларда яшовчи аҳоли билан учрашувлари  улар томонидан кўтариб чиқилган муаммоларни бартараф этиш, ҳудудларда аҳоли турмуш даражасини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, Халқ депутатлари Сариосиё туман Кенгаши депутати Шавкат Сурханов  партиянинг  “Муаммо билан юзма юз” лойиҳаси доирасида Сариосиё тумани "Маржона" маҳалласида яшовчи аҳоли билан мулоқот қилиш ва маҳалладаги ободонлаштириш ишлари билан танишиш  мақсадида ҳудудга ташриф буюрди.

Ташриф доирасида маҳалладаги ичимлик суви тармоқларини қуриш ва таъмирлаш, мактаб ва МТМ биноларини мукаммал таъмирлаш, МФЙ биносини қуриш, электр таъминотини яхшилаш, пиёдалар йўлакларини қуриш ва таъмирлаш, маиший хизмат кўрсатиш ва кичик турдаги ишлаб чиқариш объектлари қуриш, таъмирлаш ҳамда ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди.

Жумладан, маҳаллаладги умумий ўрта таълим мактабларида малакали кадрлар етишмаслиги, ёшларни спортга кенг жалб қилишда спорт заллари ва жиҳозлари ҳамда ўқувчи ёшларни бўш вақтларини турли тўгаракларга жалб қилишда мактаб биносининг хоналари етишмаслиги каби қатор муаммолар ўрганилди.

Шунингдек 7-сонли мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилар учун қулай шарт-шароитларга эга бўлсада, ҳозирда озиқ-овқат сақланадиган заҳира омборхонаси йўқлиги кўздан кечирилди. 

Депутатимиз томонидан маҳаллада яшовчи “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари”да турувчилар ҳолидан хабар олинди. Бунда депутат томонидан аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд ва муҳтож оилалар ва ётиб қолган беморларга кўмак бериш мақсадида бир марталик озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Шунингдек, маҳаллада яшовчи Фарход Маматраимов ичимлик суви масаласида мурожаат қилган эди. Муаммони бартараф этиш учун туман Сув оқава корхонаси мутахассислари жалб этилиб, сув қувури таьмирланди ва муаммо ҳал этилди.

-Тўғриси, ҳудудларда аҳолининг ҳаётий эҳтиёжлари билан боғлиқ муаммолар жуда кўп. Уларни кўриб, билиб туриб кўз юмиш, бефарқ ўтириш биз учун кечириб бўлмас хатодир,-дейди депутат Ш.Сурхонов.- Аҳолини ўйлантириб келаётган муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш, уларни ўша ҳудудда яшаётган, асл вазиятдан тўлиқ хабардор бўлган маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиш ишларини янада кучайтиришимиз керак. Жойларда учраётган муаммоларнинг аксарияти электоратимиз манфаатлари билан боғлиқ. Шундан келиб чиқиб, партия ташкилотларидан тортиб, депутатлар, сенаторлар ҳамжиҳатликда ушбу муаммоларни ечишда бир куч бўламиз. Биз учун халқ манфаати ҳамма нарсадан устундир!

Ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш учун юзасидан депутат маҳалладаги муаммо ва камчиликларни ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга таклифлар берди.

Шерали АХМЕДОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши ижрочи котиби

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+