Беморларнинг умид ва нажот маскани

19.06.2021 11:06:07

Сўнгги йилларда Ер юзининг кўпчилик мамлакатларида гематологик ва онкологик касалликлар сони тобора кўпайиб бормоқда. Бу хасталик билан касалланганлар сони республикамизда ҳам кўпчиликни ташкил этади. Биргина вилоятимизда ҳам 8473 нафар фуқаро онкологик касалликларга йўлиққан.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 28 майдаги “Аҳолига гематология ва онкология хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қароридан сўнг тизимда катта ўзгаришлар кузатила бошлади. Хусусан, Президентимизнинг сиёсий партиялар вакиллари билан 2021 йил 2 февралдаги учрашувида ҳам “Ўзбекистон “Адолат” СДПга соғлиқни сақлаш тизими бўйича депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш юзасидан бир қатор вазифалар юклатилган эди. Шунга асосан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Абдуғани Умиров, Махфират Хушвақтовалар партия вилоят Кенгаши аъзолари ҳамкорлигида вилоят Онкология марказида онкологик касалликлар профилактикаси, беморларни даволаш ва тиббий хизмат кўрсатиш аҳволи билан яқиндан танишдилар.

Аввало, марказда 98 нафар бемор даволанади. Марказ малакали шифокор ва ўрта тиббиёт ходимлари билан таъминланган. Ойлик маошлари ўз вақтида бериб бориляпти. Аёлларда бачадон бўйни, овқат ҳазм қилиш йўллари, кўкрак саратонининг олдини олиш бўйича аҳоли орасида кенг қамровли тушунтиришлар олиб бориляпти. Беморларга даволаниши учун давлат томонидан ажратилаётган маблағлардан тўғри фойдаланилмоқда. Марказ замонавий тиббиёт асбоб-ускуналари билан таъминланган. Бироқ, беморларга айни пайтда 25 турдаги дори-дармонлар тақсимланиши керак бўлгани ҳолда, бор йўғи 7 турдагиси берилаяпти. Кейинги йилларда марказга янги тиббий асбоб ускуналар келтирилгани нафақат шифокорлар, балки беморлар жонига ҳам оро кирмоқда. Кўплаб беморлар билан мулоқот жараёнида англадикки, хаста кишиларга онкологик хизматлар тўла давлат томонидан бепул таъминланиши керак.

-Шифокорлик касби ҳақиқий жасорат, фидойиликни, қолаверса, қалб ва фикр софлигини талаб этади,-дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров.- Бунга қатъий амал қилиб ишлаётган шифокорлар билан суҳбатлашганимизда улар бу ерда беморларни даволашда фақатгина дори-дармонларга суянибгина қолмасдан, даволашнинг янги замонавий усулларини қўллай бошлаганликларининг гувоҳи бўлдик.

Дарвоқе, шу кеча кундузда вилоятда аҳолига онкологик хизмат кўрсатишни Президентимиз кўрсатмалари асосида ташкил этиш учун барча чора-тадбирлар кўриляпти.

 

Руйиддин РАУПОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши раиси,

халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+