Билдирилган ишонч оқланмоқда

22.11.2021 09:11:28

Бугун мамлакатимизда аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда.

Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида бош мезон этиб белгиланган «Инсон қадри учун» деган тамойил ҳар бир фуқаро учун муносиб турмуш шароитини яратишни назарда тутади. Шу жумладан, инсонларга муносиб турмуш шароитини яратишда соғлиқни сақлаш тизими ҳам алоҳида аҳамият касб этади.

Шуни таъкидлаш керакки, ўтган давр мобайнида давлатимиз раҳбари томонидан Соғлиқни сақлаш тизимини янги ривожланиш босқичига олиб чиқиш борасида улкан ислоҳотлар ҳамда кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Юртбошимиз томонидан Бош вазирнинг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Беҳзод Анварович Мусаев расман Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинланиши ҳам соҳа ривожида амалга оширилаётган ишларнинг давомийлигини таъминлашда катта аҳамият эга.

Беҳзод Мусаев бошқарувчи сифатида катта тажрибага эга. У бунгача ҳам бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари сифатида тиббиёт соҳасига бош-қош бўлиб келаётган ва коронавирус пандемияси даврида ҳам қатор ташаббуслар кўрсатган.

Беҳзод Мусаев лавозимига киришган илк кунлариданоқ пойтахт шифохоналаридаги вазиятни ўрганиб, ўша куннинг ўзида ўрганиш хулосалари таҳлил қилиниб, пойтахтдаги шифо масканларида 600 дан зиёд қўшимча ўрин-жойлар ташкил этилди ҳамда она ва болаларга даволанишлари учун етарли шароитлар яратилди шунингдек, шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож айрим йўналишдаги болаларнинг «Тез ёрдам» машиналари орқали ихтисослашган тиббиёт муассасаларига етказилиши таъминланди.

ССВ матбуот хизматининг ёзишича, хусусан, ўрганишлар давомида беморларнинг шифокор қабулига узоқ навбат кутиши, тиббиёт ходимларининг ортиқча қоғозбозликлар билан боғлиқ юкламалари кўплиги каби камчиликлар қаторида жойлардаги аксарият даволаш-профилактика муассасаларида санитария-гигиена меъёрларига етарли даражада эътибор берилмаётгани маълум бўлди.

Шундан келиб чиққан ҳолда соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев тизимдаги барча муассаса раҳбарларига мазкур йўналишдаги муаммоларни зудлик билан бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатма берди.

Бундан кўриниб турибдики, янги вазирга билдирилган ишонч масъулият билан оқланиб, илк кунларданоқ вазифасига сидқидилдан ёндашаётгани ўз ифодасини топмоқда.

Албатта, соҳага оид амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида инсон манфаати ҳамда унинг қадри учун эзгу амаллар мужассамлиги ётибди.

Бу эса Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида бош мезон этиб белгиланган «Инсон қадри учун» деган тамойилнинг ўз ифодасини топганини яққол кўрсатмоқда. Зеро, аҳоли саломатлиги мамлакат учун улкан бойликдир.

Мақсуд Ҳамидов

«Адолат» СДП Бухоро вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+