Билим масканларидаги тиббий хизмат ҳолати ўрганилди

17.04.2021 12:04:06

Ҳар бир фарзанд – миллат келажаги. Болаларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом қилиб ўстириш, баркамол авлодни тарбиялаш, уларнинг бахту саодати, фаровон келажагини кўриш барчамизнинг эзгу орзуимиз ҳисобланади.

         Келажагимиз пойдевори билим даргоҳларида яратилишини барчамиз яхши биламиз. Таъкидлаш лозимки, таълим муассасаларида дарсларни самарали ташкил этишда етук кадрлар билан бир қаторда таълим муассасаларида тиббий хизмат хоналарини тиклаш ва болаларни профилактик равишда умумий тиббий ва стоматологик назоратини олиб боришни таъминлашнинг ўрни ҳам ниҳоятда аҳамиятлидир. 

         Жорий йилнинг 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий партиялар вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтган эди. Учрашувда белгиланган устувор вазифаларни амалга ошриш мақсадида партиямиз олдига барча умумтаълим мактабларида малакали бепул тиббий хизмат кўрсатиш бўйича ўрганишлар олиб бориш вазифаси белгиланиб олинганди.

         Шу мақсадда партиянинг “Ёшлар саломатлиги – партия эътиборида” номли лойиҳа ишлаб чиқилиб, республика миқёсида қатор манфаатдор вазирликлар ҳамкорлигида мактаблардаги малакали тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳолати, болалар орасида учраётган стоматологик касалликлар, ясси товонлик ва умуртқа касалликларини келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ва жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

         Партиянинг Жиззах вилоят Кенгаши томонидан ҳам ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, вилоятимиздаги барча умумтаълим мактабларида малакали тиббий хизмат кўрсатиш ҳолати, тиббиёт ҳонаси ва ҳодимининг мавжудлиги, керакли дори-дармонлар ва тиббиёт анжоми билан таъминланган даражаси ўрганиб чиқилмоқда.

         Ўрганиш жараёнида мактабларда стоматологик ҳоналарнинг мавжуд эмаслиги, Янгиобод, Фориш, Пахтакор, Зафаробод, Бахмал, Мирзачўл туманларининг айрим мактабларда керакли тиббиёт хоналари ва тиббиёт анжомларининг етишмаслиги аниқланди.

         Мақсадимиз, ёшларга бераётган таълим ва тарбиямиз фақат яхши натижа келтирсин, келажагимиз эгаларининг порлоқ истиқболини таъминлашга хизмат қилсин. Фарзандларимиз билим даргоҳини худди Ватанни севгандек эъзозлаб қадрласа эртанги кунимиз ёруғ бўлиши муқаррардир.  

Маҳмуд ХОЛБОЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Жиззах вилоят Кенгаши

етакчи мутахассиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+