Билимли инсон ҳар доим ибрат намунаси бўлиб келган

16.06.2021 15:06:37

Ижтимоий тармоқларда миллий сертификат атрофидаги миллий ўйинлар ҳақида хабар тарқалиб, унда кенг жамоатчилик ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Ижтимоий тармоқдаги маълумотларга кўра, вилоятлардаги ўқув марказларида ўқувчиларга Миллий сертификат саволларини 500-3000 АҚШ доллари даражасида сотилганлиги келтириб ўтилган.

Барчага маълумки, Миллий сертификат IELTS ёки CEFR сертификатларига ўхшаш сертификат бўлиб, фақат тил йўналишида эмас, алоҳида фанлар учун, масалан, кимё, биология, математика, физика, она тили ва адабиёти каби фанлардан имтиҳон топшириб олинади.

Агар абитуриент кириш имтиҳонларида 30 та тест саволга жавоб бериши керак бўлса, лекин унда, олайлик, биология фанидан 90 фоизлик сертификат борлиги учун у биология бўйича тест ишлаши шарт эмас. Чунки, абитуриент 27 та саволга тўғри жавоб берди, деб қабул қилинади. Агар 100 фоизлик сертификат бўлса, демак 30 та саволга тўғри жавоб берган бўлади. Яъни тестга кириши шарт эмас, олдиндан абитуриент тақдири ҳал қилиб қўйилган бўлади.

Аслида бу яхши тизим, чунки гуруҳ бўлиб имтиҳон топшириб юрилмайди, лекин бизнинг  репетиторларимиз ўша сертификат имтиҳонида тушадиган саволларни чиқариб пуллашаётган экан, унда эртанги кун, келажак тақдири нима бўлади, деган савол қийнайди кишини. Бу йўл билан нимага ва қандай ижобий натижага эришиш мумкин?

Бу “талаб ва таклифлар” кимдан чиқяпти? Шу ишни қилишга чорлаганларда виждон деганлари бормикан ўзи!? Билим савияси паст бўлган ёшни билимли, иқтидорли ёшларнинг ўрнига ўқишга киритишнинг бундай йўлини жамиятга, кимга  қандай фойдаси бор ўзи?

Ўйлаб қаралса, бу фикр-мулоҳазаларнинг бариси биринчи навбатда кадрлар тайёрлаш тизими масаласига бориб тақалади. Фарзандимизни мактабга жўнатамиз-у, лекин унинг ўқиш жараёнида қатнашиб кўриш ҳақида ўйлаб кўрмаймиз. “Болам 45 дақиқалик дарсда нима ўрганди ва билим савияси қай даражага етди?” деган савол қийнамай қўйди бизни. Аслида ҳар бир ота-она мактабга бориб дарс жараёнларида қатнашиши, ўз фарзанди тақдирига бефарқ қарамаслиги лозим.

Айни пайтда мамлакатамиздаги умумтаълим мактаблари синфхоналарида 40-45 нафар ўқувчи таълим олади. Ўқувчиларнинг билим савиясини  ўқитувчи 45 дақиқалик дарсда синовдан ўтказиб таҳлил қилиб олишга вақт етмайди. Биз мактабда ўқиган йилларида синфда ўқувчилар сони 25 кишидан ошмас эди, бошланғич синфларнинг ҳаммаси фақат тушгача ўқишган, ҳозирда синфларда 40-45 тадан ўқувчи бўлиб, баъзи мактабларда уч сменада болалар ўқитилмоқда.

Маълумотларга кўра, мустақилликнинг илк йилларида 9500 га яқин мактаб бўлган, аҳоли сони эса 20 миллион атрофида эди, ҳозирда умумий мактаблар сони 9800 атрофида, лекин аҳоли сони 35 миллионга қараб кетмоқда. Демак бирга бир ўсиш кузатиляпти. Шундай экан, таълим тизимини қайтадан ислоҳ қилиб, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан кўриб чиқиш, ҳудудларда мактаблар сонини ошириш вақти келмадимикан?!

Айни кунларда республикамиз бўйлаб минглаб ёшлар олий ўқув юртларига кириш учун тайёргарлик кўришмоқда. Олий таълим муассасаларида эса квоталар сони кам, бюджет ўринларини-ку айтмаса ҳам бўлади. Энди мулоҳаза қилсак, 50 та саволни ёдлаб сертификат олганлар билан барча квоталар тўлиб қолса, туну кун тиним билмай, изланиб ўқиганларнинг ҳоли нима кечади?

Ўқимишли кишилар бошқалар учун ҳар доим ибрат намунаси бўлиб келган. Зиёли, етук маънавият соҳиби сифатида камол топиш эса жамиятда таълим ва тарбияга қаратилаётган муносабат билан чамбарчас боғлиқ. Шундай экан, соҳада ҳали қилиниши лозим бўлган ишлар кўплиги, муаммоларга амалий ечим топиш зарурати хусусида жиддий бош қотириш масъулияти барчанинг олдидаги асосий вазифа бўлиб қолмоғи лозим.

 

Гулшод ТУРСОАТОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сурхондарё вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+