“Бир адолатчи - юз аёлга ҳимоячи” лойиҳаси – Янгиерда

29.04.2021 12:04:11

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят ҳамда Янгиер шаҳар Кенгаши томонидан ўтказилган лойиҳанинг навбатдаги манзили Янгиер шаҳридаги “Шукрона” маҳалласи бўлди. 2924 нафар аҳоли истиқомат қилаётган мазкур маҳаллада  106 нафар “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар мавжуд бўлиб, шулардан 98 нафари бугун иш билан банд қилиниб, рўйхатдан чиқарилган. Лойиҳанинг дастлабки қаҳрамони Маҳбуба Душаева бўлди. У апрель ойининг бошида маҳалла раиси ҳамда партиянинг Янгиер шаҳар Кенгаши раиси Фарҳод Расуловга мурожаат қилган эди. Мазмунида эса тикув машинаси берилиши ифодаланган бўлиб, мазкур мурожаат тегишли равишда ўрганиб чиқилди. Натижада лойиҳа доирасида Маҳбуба Душаевага тикув машинаси тақдим этилди ва у “Аёллар дафтари”дан чиқарилди.

- Вояга етмаган фарзандларим борлиги сабабли давлат ишида ишлашга шароитим йўқ. Шу сабабли  мени ишсизлар рўйхатига киритишган эди. Тикувчиликдан хабарим борлиги сабабли шу ҳунарим орқали ўз ишимни очишни мақсад қилдим ва партия ҳамда маҳалла раисига мурожаат қилдим. Раҳмат, улар келиб бугун менга тикув машинкасини совға қилишди.

Маҳалладаги тикувчи аёллардан Малика Усмонова ва  Фарзона Салоҳиддиновалар ҳам “Аёллар дафтари”дан чиқишни мақсад қилди. Шундай бўлди ҳам. Партиянинг шаҳар Кенгаши раиси Фарҳод Расулов ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Дилфуза Умерованинг кўмаги билан бу аёллар ҳам тикув машинкасига эга бўлишди. Шунингдек, депутат ташаббуси билан бу аёлларга меҳнат дафтарчаси очиладиган ва иш стажи ёзиладиган бўлди.

Лойиҳанинг навбатдаги иштирокчиси маҳалланинг “Янги аср” кўчасида истиқомат қилувчи 65 ёшли Мунаввар Абдураҳимова бўлди. Биринчи гуруҳ ногирони сифатида “Аёллар дафтари”га киритилган бу онахон ногиронлик аравачасига эҳтиёж сезган эди. Қаровчиси Нигина Жўраева ҳам ёлғиз аёл бўлганлиги сабабли бу аёллар ҳам лойиҳа сабаб тузилган ишчи гуруҳига мурожаат қилди. Яъни  Мунаввар Абдураҳимова саломатлигини тиклаш мақсадида сиҳатгоҳга бориш учун йўлланма сўради. Бу аёлларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш вазифаси   халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Дилфуза Умерова зиммасига юклатилди. Мунаввар Абдураҳимовага эса маҳалла раиси ва ишчи гуруҳи томонидан ногиронлик аравачаси топширилди.  Энг муҳими “Аёллар дафтари”даги хотин-қизлар исталган вақтида адолатчиларга мурожаат қилиши мумкинлигини ҳис қилишди. Лойиҳадан кўзланган мақсад ҳам шу эди аслида.

 

Маҳфират ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят

Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+