«Бир адолатчи-юз аёлга ҳимоячи»

02.07.2024 17:07:51

«Адолат» социал-демократик партиясининг «Бир адолатчи юз аёлга ҳимоячи» лойиҳаси доирасида хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг оила ва жамиятдаги мавқейини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борадаги саъй-ҳаракатлар партиянинг Шофиркон тумани Кенгаши томонидан ҳам тизимли йўлга қўйилган. Тумандаги «Қалмақон» маҳалласида халқ депутатлари Шофиркон тумани Кенгаши депутати Зулфия Ашурова томонидан партиянинг «Аёллар қаноти» раиси Ҳамрогул Ашурова, мазкур маҳалла фаоллари билан биргаликда хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганишга қаратилган сайёр қабул ташкил қилинди. Унда ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган «Аёллар дафтари» рўйхатидаги бир гуруҳ хотин-қизлар билан суҳбат олиб борилди. Муаммолари ўрганилди. Очиқ мулоқот жараёнида хотин-қизлар томонидан келиб тушган ўнга яқин мурожаат бўйича ҳуқуқий ва психологик маслаҳат берилди.

Фаоллар лойиҳа доирасида хотин-қизларнинг ҳуқуқий манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, иш билан таъминлаш, меҳнат ва ўқиш шароитларини яхшилаш мақсадида тумандаги «Қалмақон» МФЙ да истиқомат қилувчи фуқаро Д.Муҳаммедованинг хонадонида бўлишди. Маълум бўлишича фуқаро 5 ой олдин 2 нафар вояга етмаган фарзанди билан отасининг уйига аразлаб келган, маҳалла фаоллари оилани бир неча бор яраштиришга уринишган ва натижа бўлмаган. Шундан сўнг, партия фаоллари Олот туман «Байёт» МФЙ да яшовчи турмуш ўртоғи Ғ.Мамедов билан суҳбатлашиб, тушунтириш ишларини олиб боришди. Фаолларнинг саъй-ҳаракатлари зое кетмади ва ёш оила яраштирилди.

Шунингдек, мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи 5-босқич «Аёллар дафтари» нинг 3.1 ва 4.1 тоифаларда рўйхатда турувчи хотин-қизлар хонадонларини таъминлаш учун маҳалла ходимлари ва молия бўлими ходими билан ўрганиш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари ногиронлиги бўлган ва ўзгалар парваришига муҳтож хотин-қизларга даволаниши учун саховатпеша ҳомийлар билан ҳамкорликда моддий ёрдам тўлаб берилиши белгиланди. Яна уч нафар аёлга кундалик эҳтиёжлари учун керакли озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

Моҳигул Раҳимқулова,
«Адолат» СДП
Бухоро вилоят Кенгаши
матбуот котиби.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+