Бир томчи қон инсонни ҳаётга қайтариши мумкин

17.06.2021 18:06:36

Инсон ҳаётида қоннинг ўрни ва аҳамияти жуда катта. Бу буюк неъматни сунъий тарзда ишлаб чиқаришнинг имкони йўқ. Инсон организмида қон заҳирасини яратиш фақат соғлом кишиларнинг донорлиги орқали амалга оширилади. Донор қони мураккаб жарроҳлик амалиётларида, патологик туғуруқ жараёнларида, жигар ва онкологик касалликларда, ўткир қон кетишида, оғир тан жароҳатларида, камқонликда, оқ қон билан оғриган беморлар учун ишлатилади.

Албатта, донорлик орқали қанчалаб бемор кишиларга ҳаёт бағишлаш хайрли ва улуғ амал ҳисобланади.

Шаҳар тиббиёт бирлашмасида донорлик учун йиғилган каттақўрғонликлар ана шу хайрли ва савобли ишни амалга оширдилар. Каттақўрғон шаҳар ҳокимлиги, хотин-қизлар кенгаши ва Ўзбекистон “Адолат” СДП шаҳар кенгаши ҳамкорлигида “Бор меҳримиз сиз учун” шиори остида ўтказилган акциясида шаҳар ҳокимлиги вакиллари, хотин-қизлар кенгаши, “Адолат” СДП шаҳар кенгаши вакиллари, маҳалла раислари ва хотин-қизлар бўйича мутахассислар, фуқаролар фаол иштирок этдилар.

-Мен 6 йилдан буён донорлик қиламан. Иш фаолиятим давомида жуда кўплаб ана шу улуғ неъматга муҳтож бўлган, шу орқали орамизда яшаб турган беъморларни хотин-қизлар, болаларни кўрдим. Мен ушбу инсонларнинг бугун ҳаёт эканликларида, умрларининг узаётганлигида ҳиссам борлигидан хурсандман, - дейди кўнгилли донорлардан, ўзини танитишни истамаган тадбир иштирокчиси.

Шу куни донорлик акциясида каттақўрғонлик хотин-қизлар, барча тадбир иштирокчилари бир томчиси ҳам инсон ҳаётини сақлаши мумкин бўлган улуғ неъматларини унга муҳтожларга тақдим этдилар.

 

Ҳилола ЭРГАШЕВА,

партия фаоли

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+