«Битта қиз болани ўқитсангиз, бутун оилани ўқитган бўласиз»

07.05.2022 17:05:33

Аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб хусусиятлардан биридир. Аёлни улуғламоқ – оилани, Ватанни, ҳаётни улуғламоқ демакдир. Аёлларга бўлган чексиз ҳурмат-эҳтиромнинг яна бир сабаби шундаки, аёл – аввало ҳар бир инсоннинг бешигини тебратадиган, оқ сути билан унинг юрагига одамийлик фазилатларини сингдирадиган, уни ҳаёт бўронларидан асраб-авайлайдиган фидойи инсондир.

Давлатимиз раҳбари Президентлик вазифасига киришган дастлабки кунлардан аёллар ва ёшлар масаласига жиддий эътибор қаратиб келмоқда. Бу эса ўз навбатида жамият келажаги ва мамлакат тараққиёти, оилалар фаровонлигига хизмат қиладиган муҳим омил.

Дарҳақиқат, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг оиладаги, жамиятдаги мавқеини ошириш, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда соғлом ва баркамол авлодни вояга етказиш давлатимиз олдида турган энг устувор вазифалардан бири бўлиб келмоқда.

Давлатимиз раҳбари барча соҳалар каби олий таълимга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Муҳтарам Президентимиз раислигида 1 март куни хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда давлат раҳбари қилинган ишлар ва кейинги истиқболли қадамлар борасида айтиб ўтди. Жумладан:

- 2021 йилда аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида 200 мингдан зиёд лойиҳаларга 2 триллион сўм кредит ва субсидиялар ажратилиб, 320 минг хотин-қизлар доимий иш ўринларига эга бўлди;

- 2021 йилда 190 минг нафар аёллар касб-ҳунарга ўқитилди;

- 2020 йилда йўлга қўйилган “Аёллар дафтари” тизими доирасида 900 мингга яқин хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик кўмак берилди;

- 2021 йилнинг ўзида 4 мингдан зиёд хотин-қизларга уй-жой тўловининг бошланғич бадалига маблағ ажратилди;

- 2 минг нафар қиз алоҳида грант асосида олийгоҳларга қабул қилинди, яна 1 минг 800 нафарига контрактлари тўлаб берилди. Натижада 2021 йилда олийгоҳларга кирган талабаларнинг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этди;

- 2021 йилда 1 минг 153 нафар аёлга юқори технологик тиббий операциялар бепул ўтказилди;

Муҳтарам Президентимиз таълим тизимига тўхталар экан «таълим тизимининг барча поғоналарида ўқишга интилган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаймиз ва уларга шароит яратамиз» – дея таъкидлаган ҳолда, таълим шароитларини кенгайтириш бўйича тарихий қарорлар қабул қилдилар.

- 2022-2026 йилларга мўлжалланган Хотин-қизлар таълимини қўллаб-қувватлаш дастури ишлаб чиқилади. Дастур доирасида, пойтахтимизда асосан хотин-қизларни ўқитиш учун давлат-хусусий шериклик асосида тўқимачилик соҳасида алоҳида университет ташкил этилади. Пахта-тўқимачилик ва пиллачилик кластерлари иштирокида жойларда университетнинг техникумлари ҳам очилади.

- 2022-2024 йиллар учун “Бизнес аёллар” дастури қабул қилиниши белгиланди. Унинг ижросига жами 8 триллион сўм йўналтирилади. Аёллар учун тадбиркорлик курслари ташкил этилади, имтиёзли кредитлар берилади.

- Янги ўқув йилидан бошлаб олийгоҳ, техникум ва коллежларда ўқиётган қизларга таълим контрактларини тўлаш учун, илк маротаба, 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш жорий қилинади.

- Янги ўқув йилидан бошлаб магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилади (23 минг нафар қизларга 200 миллиард сўм);

- Ҳар йили 50 нафар қизлар нуфузли хорижий олийгоҳларга бакалавр ва 10 нафари магистратурага юборилади;

- Ҳар бир вилоятда эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган 150 нафар қизларнинг (жами 2,1 минг нафар) таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўлаб берилади;

- Ёш фарзанди бор талаба-қизларга масофавий ўқишга шароит яратилади;

- Докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилади.

Биргина халқ таълими соҳасида ишлаётган аёл ходим сифатида шуни айта оламан хотин-қизларга бўлган бундай шарт-шароитлар ва туб ислоҳотларга негизида барча аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтириш ҳамда мустаҳкамлаш яққол кўзга ташланмоқда. Бунга жавобан барчамиз фақатгина сидқидилдан хизмат қилишимиз ва юрт равнақи, президент ишончи учун янгиланишлар жараёнида фаол иштирок этишимиз керак.   

 

 

Улбосын СЕЙТЖАНОВА,

Халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгаши депутати,

«Адолат» СДП Қорақалпоғистон Республикаси

«Аёллар қаноти» Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+