Биз коррупцияни қандай тушунамиз?

23.12.2021 11:12:38

“Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши томонидан Қарши муҳандислик иқтисодиёт институти тадбиргоҳида “Биз коррупцияга қаршимиз” мавзуида тадбир бўлиб ўтди. Унда партия фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ўқитувчи ва талабалар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда кун тартибидаги масала юзасидан партия вилоят Кенгаши бош мутахассиси, ҳуқуқшунос Дилрабо Чориева маъруза қилди.

-Коррупция ўз ватанига хиёнат қилиш, ҳаётини заҳарлаш, ўз оёғига болта уриш деганидир,-деди Дилрабо Чориева.- Туриш-турмушимиз қанчалар фаровонлашиб, ҳаётимиз нурга тўлиб боргани сайин ён теварак атрофимиздаги ўткинчи соялару–кўланкалар аниқроқ кўзга ташланиб қолаяпти. Бу коррупция. У иллат. Жамиятимиз тараққиётига ғовдир. Юртимизда коррупцияга қарши курашиш, ёшларимизни бу иллат тузоғига тушиб қолишидан асраш учун давлат миқёсида бир қатор назарий ва амалий тадбирлар ишлаб чиқилди ва бу ўз натижаларини бера бошлади.

-Мен ёшларга айтмоқчиманки, вақтида коррупциядан, умуман, ярамас иллатлардан фориғ бўлинг,-деди халқ депутатлари Қарши шаҳар Кенгаши депутати Ҳусниддин Бердимуродов.-Фойдали юмуш, ўқиш, касбу ҳунар билан шуғулланинг, асло кам бўлмайсиз. Коррупцияга зинҳор қўл урманг. Акс ҳолда умрингиз беҳуда, сувдай оқиб ўтади, қадрингиз йўқолади.

Тадбирда сўзга чиққан партия фаоли Нуриддин Бегимқулов, Акмал Ҳайитов ва бошқалар ҳам коррупцияни таг-томири билан йўқотиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни кенг тарғиб этиш юзасидан қимматли таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

                                                                             Абдулазиз Абдиев,

                                                     “Адолат” СДП Қашқадарё вилоят Кенгаши

                                               раиси ўринбосари

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+