Биз зўравонликка қаршимиз!

06.12.2022 16:12:05

Ўзбекистон «Адолат» СДП Олтинсой туман «Аёллар қаноти» Кенгаши томонидан туман Оила ва хотин-қизлар бўлими билан ҳамкорликда тумандаги «Ҳайрондара» МФЙда «Биз зўравонликка қаршимиз» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда, партиянинг тумандаги «Аёллар қаноти» Кенгаши фаоллари, депутатлар, психологлар ҳамда маҳалладаги  фаол хотин-қизлар иштирок этишди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур тадбир жорий йил декабрь ойининг бошидан бошлаб, партиянинг туман Кенгаши томонидан «Биз зўравонликка қаршимиз» шиори остида ўтказилаётган тадбирларнинг узвий давоми бўлди.

Айтиш жоизки, кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда тумандаги маҳаллаларида бўлиб ўтаётган учрашувлар, давра-суҳбатлари, очиқ мулоқотларда, фуқароларнинг, шунингдек, кенг жамоатчиликнинг эътиборини хотин-қизларга нисбатан зўравонлик муаммосига, ҳамда уларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш масалаларига қаратилди.

Таъкидланганидек, туманда зўравонликдан жабр кўрган, ижтимоий оғир аҳволдаги ва ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бор хотин-қизлар мутасаддилар, депутатларнинг узвий назоратига олинган. Уларга тиббий, психологик, ижтимоий, моддий, ҳуқуқий ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилган.

Афсуски, тазйиқ ва зўравонлик қурбонлари анчагина кўп бўлиши мумкин. Чунки, уйдаги гапни кўчага чиқармасликка интиладиган ёки ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билмайдиган хотин-қизлар ҳам борлиги айни ҳақиқат. Шу сабаб, ушбу долзарб муаммони бартараф этишда кенг жамоатчилик вакилларининг ҳамкорлиги талаб қилинади.

Айниқса, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш, қийин аҳволда қолган хотин-қизларга реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари ҳақида маълумотлар бериш бугун жудаям муҳим.

Тадбир давомида иштирокчиларнинг фикр ва мулоҳазалари, таклифлари умумлаштирилиб, келгусидаги иш режалар белгилаб олинди.

Малика Хидирова,

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Олтинсой туман Кенгаши фаоли

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+