Бизнинг бош мақсадимиз – аҳоли бандлиги

12.08.2022 16:08:58

«Адолат» СДП Қоракўл туман Кенгаши томонидан туман касб-ҳунарга ўқитиш марказида «Бизнинг бош мақсадимиз – аҳоли бандлиги» мавзусида тадбир ташкил этилди.

Унда партия туман Кенгаши раиси Н.Очилов, туман Бандликка кўмаклашиш маркази бош мутахассиси Ф.Абдуллаев, касб-ҳунарга ўқитиш маркази раҳбари М.Ваисов, марказ ходимлари ҳамда ёшлар иштирок этдилар.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, уларни бу борада муаммоларини ўрганиб, кўмаклашиш, энг муҳими ёш авлодни ҳаётда ўз ўрнини топишга кўмак беришдан иборат.

Тадбирни партия туман Кенгаши раиси Н.Очилов кириш сўзи билан очиб, олиб борди. Н.Очилов аввало туманда 166,2 минг аҳоли истиқомат қилиши, шундан меҳнатга лаёқатли аҳоли сони 88 минг кишини ташкил этиши, бундан 70 минг нафарга яқини иқтисодий фаол аҳоли эканлиги ҳақидаги маълумотларни айтиб ўтди. Шу билан биргаликда партия туман Кенгаши раиси ҳудудда ишсизликни кескин камайтириш, меҳнат бозоридаги вазиятни барқарорлигини таъминлаш ва шу орқали аҳоли даромадларини ошириб бориш мақсадида барча йўналишларда иш ўринларини яратиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида сўз юритди. Жумладан, Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳамда тижорат банкларининг имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан фуқароларимизга ихчам иссиқхоналар қуриб берилганлиги, шу билан бирга «Ҳар бир оила тадбиркор» давлат дастури орқали уй хўжаликларида фуқароларнинг банд аҳоли сифатида рўйхатга олинганликлари хусусида гапириб, фикр ва мулоҳазаларини билдирди.

Йиғилиш давомида касб-ҳунарга ўқитиш маркази раҳбари М.Ваисов сўзга чиқиб, жорий йилда туманда 300 нафардан ортиқ ёшлар давлат ва нодавлат касб-ҳунар ўқитиш масканларига жалб қилинганлиги ва уларни бандлигини таъминлаш учун янги иш ўринлари яратилаётганлиги ҳақида маълумотлар берди. Бундан ташқари ҳозирги кунда мазкур масканда тикувчилик, электрогаз пайвандчилиги, электрик, ошпаз-қандолатчи, компьютер оператори, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш устаси, «В» ва «ВС» тоифали ҳайдовчи, трактор ҳайдовчиси, пардозловчи каби 10 дан зиёд йўналишларнинг мавжудлиги ва ушбу йўналишларда ёшлар назарий ва амалий билимларни ўзлаштириб бораётганлиги хусусида гапирди.

Тадбирда туман Бандликка кўмаклашиш маркази бош мутахассиси Ф.Абдуллаев ҳам сўзга чиқиб, бугунги кунда янги иш ўринларини яратиш ва ишсизликни кескин камайтириш мақсадида ҳудудда олиб борилаётган кенг кўламли ишлар тўғрисида сўз юритди.

Тадбирда ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига масъуллар томонидан жавоблар олдилар.

Йиғилишдан сўнг, касб-ҳунар мактаби ўқувчиларининг машғулот хоналари кўздан кечирилиб, у ерда ёшларга яратилган шароит ва имкониятлар билан танишилди.

«Адолат» СДП Бухоро вилоят Кенгаши

матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+