Бизнинг мақсадимиз – адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуриш

24.09.2021 09:09:29

“Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили М.Бобобекова партия вилояти кенгаши сайлов штаби аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида брифинг ўтказди.

Ишончли вакил Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли ва сайловолди дастуридаги устувор йўналишлари ҳақида маълумот берди.

– Бизнинг номзодимизнинг сайловолди дастури “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони!” шиори остида чоп этилди, – деди М.Бобобекова. – Сайловолди дастурда халқ манфаатлари йўлида муҳим аҳамиятга эга бўлган бир қанча йўналишларимиз мавжуд. Дастуримизни партиямиз мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ва жамиятда мавжуд муаммоларни теран англаб “ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги керак”, деган ақидага қатъий амал қилиб, таклиф этмоқдамиз. Сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ҳамда бошқа соҳалардаги ислоҳот ва янгиланишларни изчил давом эттиришни бош мақсадимиз, деб биламиз. Бизнинг мақсадимиз адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуриш! Ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш, эркин ва адолатли жамият барпо этиш, Адолат ва қонун устуворлиги учун партиямиз фаолиятининг яна бир устувор йўналиши жиноятчиликка, порахўрликка, таъмагирликка, зўравонликка қарши муросасиз курашишдир.

Брифингда бу йилги сайловлардаги янгиликлар, сайловолди жараёнларида вилоят партия ташкилоти томонидан амалга оширилаётган тарғибот тадбирлари ҳақида ҳам маълумот берилди.

Президентликка номзоднинг ишончли вакили амалдаги қонунчиликдан келиб чиқиб зиммасига юклатилган вазифа, фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва мақсади юзасидан тушунча берди. Партия фаоллари билан биргаликда жамоатчилик орасида тарғибот тадбирларини ўтказиш бўйича ўз фикрларини билдирди.

“Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+