Боғотлик депутатимиз ташаббуси билан тор кўприк кенг ва равон бўлди

20.04.2022 18:04:39

Аввал хабар берганимиздек, партиямиз фаоллари, депутатлари саъй ҳаракатлари билан аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда.

Айниқса, фаолларимиз инсон ҳаётининг бир бўлагига айланган марказий ва ички йўллардаги носозликларни бартараф этишга бел боғлашган.

Куни кеча туман Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзоси Қадамбой Хўжақов ташаббуси билан навбатдаги хайрли иш амалга оширилди.

Тумандаги «Боғзор» маҳалласида жойлашган «Саодатшох» кўчаси ҳудудида қурилган кўприкнинг 10 метрлик йўлга нисбатан, эни жиҳатидан 6 м кам бўлган кўприк йўловчилар учун жуда қийинчиликларга сабаб бўлаётган эди. Транспорт ва пиёда йўловчилар учун серқатнов йўл бўлгани боис, иккала томон йўналишдаги машиналарнинг энг ёмони, пиёдаларнинг ҳаракатланишида кўприк торлик қилиб, йўл ҳаракати қоидаларини бузишга зарурият туғдираётган эди.

Бу муаммодан кўпдан безовта бўлиб келаётган туман Кенгаши депутати Қ. Хўжақов муаммони ечимини топишга киришди. Тегишли ташкилотларга мурожаат этди. Туманда фаолият олиб бораётган «Чўлқувар» фермер-хўжалиги раҳбари Жасур Рўзимов ҳомийлигида ва туман ҳокимлиги, Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси туман бўлимининг кўмаги билан кўприк муаммоси ижобий ечим топганидан йўловчиларнинг, аҳолининг қувончи чексиз.

Кўприкнинг торлиги сабаб, пиёда йўловчилар ва транспорт воситалари учун жуда ноқулай эди, –дейди 34-умумий ўрта таълим мактаби директори Қадамбой Бобожонов.– Бу муаммодан аҳоли кўпдан азият чекиб келган, бахтсиз ҳодисалар ҳам содир бўлган. Мактабимиз ўқувчиларининг кўпчилиги шу кўприк устидан ўтиб мактабга қатнайди. Айниқса, ёғингарчиликли кунлар ва қиш мавсумида ота-оналарни ва ўқитувчиларни юрак ҳовучлаб ўтирган пайтларимиз кўп бўлган. Депутатимизга раҳмат, бу муаммодан ҳаммамизни холос этди.

Дарҳақиқат, кенг ва равон йўллардан манзилингга етиб бориш ҳам ҳаётимизни ширин онлари сирасига киради.

Қайсидир ҳудудга кириб боришинг билан кенг ва равон йўлларга, обод кўчаларга кўзинг тушади. Шу заҳоти, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаёти кўз олдингда гавдаланади. Ҳудуд фаолларининг меҳнатларини дилдан туясан, манзилинг томон юқори иштиёқ билан интиласан. Барака топишсин..., Йўлларни равонлигига қаранг... дея пичирлаб қўясан, қувончдан. Акси бўлсачи... ҳафсаланг пир бўлмасдан илож йўқ.

Хизмат вазифамиз юзасидан Боғот туман Кенгаши депутатлик гуруҳи раҳбари Қаҳрамон Раҳимов етакчилигидаги гуруҳ аъзолари туманни обод масканга айлантириш учун тинимсиз меҳнатларининг гувоҳи бўламиз. Улар билан фахрланиш туйғуларини ҳис этамиз, қувонамиз.

Бир сўз билан айтганда, депутатларимизнинг бу каби амалга ошираётган ишлари, сайловчилар ишончини оқлаш орқали, юртимиз истиқболи ва равнақи учун муносиб ўринга эга экани билан аҳамиятлидир.

Замира АБДУЛЛАЕВА,

«Адолат» СДП

Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+