Боғотлик ёш мусаввирлар рағбатлантирилди

07.12.2022 14:12:29

Аввал хабар берганимиздек, «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигига 30 йил тўлиши муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб 18 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари орасида «Конституция ранглар жилосида» республика кўрик- танлови ташкил этилган эди.

Кўрик-танловнинг натижаларига асосан, воҳамизда ҳам танлов ғолиблари ҳамда фаол иштирок этган ёш рассомларни рағбатлантириш ишлари қизғин паллага кирди.

Хусусан, партиянинг Боғот туман Кенгашида партия фаоллари, депутатлари, туман ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, туман Халқ таълими бўлими ва бошқа ҳамкор ташкилотлар, мазкур кўрик-танловнинг фаол иштирокчилари ва уларнинг ўқитувчилари иштирокида ташкил этилган «Ватан келажаги ёшлар қўлида» мавзусидаги маънавий-маърифий тадбир ҳам ана шу мақсадларни ўз ичига олди.

Тадбирни партиянинг туман Кенгаши раиси Қаҳрамон Раҳимов кириш сўзи билан очиб берди. Унда ёшларга қаратилаётган имкониятлар тўғрисида гапириб, ёш рассомларга ва ўқитувчиларга миннатдорлик билдирди.

Санъат Ражабов, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси бошлиғи:

- «Адолат» СДП туман Кенгашининг олиб бораётган самарали фаолиятига бўлган ҳурматим чексиз. Партия энг фаол, лидер партия сифатида халқимиз томонидан тан олингани қувонарлидир. Айниқса, партия томонидан ёшларни иқтидорларини рўёбга чиқариш, уларни ватанга садоқатли қилиб тарбиялашдаги саъй ҳаракатларини юксак баҳолаймиз ва қадрлаймиз. Бугун ҳам қанчадан-қанча иқтидорлар кашф этилгани сўзимиз исботи деса, муболаға эмас. Партиянинг туман Кенгаши билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга келишиб олдик.

Ҳамкор ташкилотлар вакилларининг, ўқитувчи ва ўқувчиларнинг партиямизга билдирган муносабати, ижобий фикрлари тадбирга кўтаринкилик бағишлади.

Тадбирда бир гуруҳ танлов иштирокчилар партиянинг туман Кенгаши томонидан рағбатлантирилди.

Зулхумор Самандарова, тумандаги 30-сон умум ўрта таълим мактаби ўқувчиси, танлов иштирокчиси:

Тадбирда биз ёшларга билдирилган ишонч, танловдаги фаол иштирокимиз учун қаратилган эътибор ҳар бир тенгдошимга катта масъулият юклади. Ўз устимизда янада кўпроқ ишлаб, эртага Президентимиз кутаётган ватанпарвар, комил инсонлар бўлиб етишишимизга замин яратди. Келгусида партиянинг фаол аъзоси сифатида юртимиз ривожи учун муносиб ҳисса қўшишга қарор қилдик.

Бир сўз билан айтганда, партиямиз фаолларининг саъй ҳаракатлари билан ёшларни жамиятда муносиб ўринларига эга бўлишлари учун ҳаётга татбиқ этилган мақсадлари Янги Ўзбекистонимизни илғор фикрли, ватанпарвар ёшлар билан бирга қуришимизга хизмат қилади.

     Замира Абдуллаева,

   “Адолат” СДП Хоразм вилоят Кенгаши

матбуот котиби

 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+