Бойлигини қўлдан бераётган сирдарёликлар

07.04.2021 22:04:00

Соғлиқ инсон учун энг катта бойлик эканлиги кўп бора таъкидланадиган ҳаётий ҳақиқатдир. Чунки соғлом инсонгина жамиятда бирор бир мақсадни бемалол кўзлайди, ҳаётини мазмунли режалаштира олади.  Чинакам соғлиқ сари олиб борувчи йўл  соғлом турмуш  тарзига риоя қилиш эканлиги эса аниқ факт. Лекин афсуски ҳамиша ҳам соғлом турмуш тарзига эриша олмаймиз. Бунинг ўзига яраша сабаблари бўлганидек баҳоналари ҳам бор, албатта. Агар ҳаётий мисоллар, рақамлар  билан далиллайдиган бўлсак, Сирдарё вилояти аҳолисининг 45 фоизи носоғлом турмуш тарзини юритаётганини кўришимиз мумкин.  Бу ҳақда Президент  Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидлаб ўтди. Шунингдек давлатимиз раҳбари томонидан аҳолининг саломатлигига кўра, 4 та хавф гуруҳига ажратилгани ва вилоятнинг «электрон тиббий харитаси» яратилгани ҳақидаги маълумотлар ҳам очиқланди. Яъни,

▪️154 минг нафари – соғлом (19,5  фоиз);

▪️356 минг киши – носоғлом турмуш тарзи юритаётганлар (45 фоиз);

▪️257 минг – беморлар (32,5 фоиз);

▪️25,5 минг – ўзгалар парваришига муҳтож ва ногиронлиги бўлганлар (3 фоиз).

Демак, сирдарёликларнинг қарийб эллик фоизи ўз саломатлигига бефарқ бўлиб бормоқда. Бу каби кўрсаткичларни қўлга киритар эканмиз аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда социал-демократик партия сифатида сиёсий майдонга кирган Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳам ўз айтар сўзи бўлиши тайин. Яъни, партиянинг Сирдарё вилоят Кенгаши ва депутатлик гуруҳларимиз томонидан аҳоли билан бўлажак мулоқотларда эътиборни айнан соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш масаласига ҳам қаратиш зарурияти юзага келмоқда. Бунда партиянинг вилоят Кенгаши томонидан ўтказиладиган “Тозалик йўлида бирлашайлик”, “Тиббий кўрик ҳафталиги” ва “Спортни сев, спорт билан яша!” каби  лойиҳаларини амалий равишда самарали ташкил этиш ва кун тартибига соғлом турмуш тарзи масаласини ҳам киритишни ўз олдимизга мақсад қилдик. Айниқса, вилоят марказидан узоқликда жойлашган Сардоба, Ховос туманларида “Адолатдан маслаҳат” номли кўчма қабулхоналарни ташкил этилиши бу борадаги ишларимизни жонлантириши табиий. Бунинг учун бизда вақт ҳам имконият ҳам салоҳият ҳам етарли. Акс ҳолда соғлом турмуш тарзини йўлга қўя олмаган сирдарёликлар энг катта бойлиги бўлмиш соғлигини ҳам хавф остига қўйишида томошабин сифатида қолаверамиз.  

 

Беҳзод АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+