Бўканинг йил аёллари аниқланди

24.10.2022 12:10:55

Тошкент вилоятининг Бўка туманида «Гендер тенглик фаоли» ва «Йил аёли -2022» миллий кўрик-танловлари бўлиб ўтди.

Танловнинг туман босқичида ғолибликни қўлга киритган қатнашчилар «Саломлашиш ва ўзини таништирув», «Савол- жавоб» ва «Эркин мавзу» шартлари асосида беллашишди.

Иштирокчиларни шартлар бўйича чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан адолатлилик тамойили асосида баҳоланди.

Белгиланган шартлар асосида ўтказилган беллашув қизиқарли жараёнларга бой бўлди.

- Ҳукуматимиз томонидан чиқарилган кўплаб қарор ва фармойишларда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор аҳамиятга моликдир, - дейди «Адолат» СДП Тошкент вилояти Бўка туман Кенгаши раиси Хуршида Абидова. - Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, саломатлигини тиклаш, касб-ҳунар ўрганиши, жамиятимизда ва оилада ўз ўрниларини топишлари учун яратилаётган шарт-шароитларни янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги ўтказилган танловда ҳам партия аъзолари орасида ҳар томонлама ўрнак бўла оладиган аёллар аниқлаб олинди. Иштирокчиларни ҳар бир шартлар бўйича чиқишларини кўриб, шундай хулосага келдимки, бизнинг ўзбек аёллари ҳар соҳада ўзларининг иқтидор ва истеъдодларини кўрсата оладиган кучга эгадирлар.

Иштирокчилар танлов шартлари асосида ўзлари яшаётган туманнинг тарихи, бугунги кундаги иқтисодий ривожланиши, сиёсий саводхонлиги, миллий қадриятларимизни яхши билиши, оила мустаҳкамлигида аёлларнинг ўрни ҳамда жамиятимизнинг ижтимоий, сиёсий воқеа-ҳодисалардан хабардорлиги юзасидан билим ва тушунчаларини ҳакамлар ҳайъатига намойиш қилишди.

Танлов натижаларига кўра «Адолат» СДП Бўка туман Кенгаши Аёллар қаноти раиси Фарида Дзюба – танловнинг туман босқичида фаол иштироки учун «Йилнинг энг ватанпарвар аёли» номинацияси бўйича тақдирланди.

Шунингдек, Ўзбекистон «Адолат» СДП Бўка туман Кенгаши - «Гендер тенгликни таъминлашда энг фаол НТТ» номинацияси бўйича туман ҳокимининг ташаккурномаси билан тақдирланди.

Ўзбекистон «Адолат» СДП

Тошкент вилояти Кенгаши матбуот хизмати.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+